Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида келгуси йил давлат бюджетига оид қонун кўриб чиқилади
13:28 / 2023-12-15

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан ўтказилган қўмиталар мажлисларининг барчасида "2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида 2024 йилда Давлат бюджетидан экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 883,2 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилгани қайд этилди. 

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, дарахт, бута, бошқа ўсимлик ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш учун белгиланган жарима миқдори беш баробарга оширилмоқда. 

Мажлисда сенаторлар дарахтларнинг жойлашуви ва сонини аниқлаш ҳамда электрон харита яратиш, шаҳарлар, саноат корхоналари ва автомобиль йўллари атрофида “яшил қалқонлар” ташкил этиш, жамоат, айниқса, дизель ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларини экологик тоза энергия манбаларига ўтказиш, экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берди.

***

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида маданият ва спорт соҳасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва уларнинг мақсадли сарфланиши бўйича фикр алмашилди. 

“Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланаётгани қайд этилди. 

Қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.

***

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама этилди.

Қонун билан мамлакатимиз фуқароларининг конституциявий нормалар билан мустаҳкамланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан фойдаланиш механизми такомиллаштирилмоқда.

Жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишларда ҳам фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омили аралашувисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали автоматик танланиши белгиланмоқда.

Мажлисда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинаётган қонун билан парламент палаталари фаолиятларини тартибга солувчи қонунлар янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда. 

Сенаторлар томонидан Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларнинг жами даромадлари ҳамда харажатлари, қонун доирасида кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар таҳлил қилинганда, айрим соҳаларда очиқлик ва шаффофлик етарлича таъминланмаётгани танқид қилинди. Жумладан, аҳолини давлат тиббий суғуртаси бўйича ажратиладиган маблағларнинг сарфланиши ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, яширин иқтисодиётни қисқартириш, бюджет даромадларини ошириш, ортиқча солиқ имтиёзларини бекор қилиш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

***

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи, шунингдек, давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганига эътибор қаратилди. 

Гендер тенгликка эришишни бюджет жараёнларига интеграциялаш орқали гендер тенгликка йўналтирилган бюджетлаштириш ҳамда гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда дастурий бюджетлаштириш тизимини амалиётга босқичма-босқич жорий этилади. 

Шунингдек, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган дастурий бюджетлаштириш тизимини жорий этиш бўйича музокаралар ўтказилди ва бажарилиши лозим бўлган қадамлар белгиланди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА