Бугун, 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисини 2022 йил 17 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қайд этилганидек, видеоконференцалоқа шаклида икки кун давомида бўлиб ўтадиган ялпи мажлис доирасида бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
“Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги, “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитади.
Ялпи мажлисда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилиши ҳам режалаштирилган.
Сенаторлар томонидан қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқиш назарда тутилган.
Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.
Шу билан бирга, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масалаларини кўриб чиқади.
Шунингдек, Сенат Кенгашининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига асосан тайинланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига мувофиқ рўйхатга олинган сенаторлар Зулайхо Бахриддиновна Махкамова ва Гулнора Махмудовна Маруфова Сенатнинг тегишли қўмиталари аъзолари этиб сайланди.
ЎзА