Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси ўтказиладиган сана маълум қилинди
08:57 / 2022-11-17

Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда ўттиз бешинчи ялпи мажлисни ўтказиш ҳақида гап борди.

Сенат раиси Т.Норбоева бошқарган мажлисда ялпи мажлисда бир қатор масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилгани қайд этилди. Жумладан, МДҲ ПАнинг 2022 йил 27-28 октябрь кунлари Самарқандда ўтказилган кузги сессияси якунлари кўриб чиқилди.  

“Давлат божи тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”, “Корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилади.  

Шунингдек, қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан боғлиқ қонунлар ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.  

Бундан ташқари, 2022 йилнинг тўққиз ойи якуни бўйича Давлат бюджети ижроси ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботлари кўриб чиқилади.  

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари ҳам сенаторлар муҳокамасида бўлади.  

Мажлисда ўттиз бешинчи ялпи мажлисни 2022 йил 18 ноябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

      ЎзА