Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 13 сентябрь куни чақирилади
16:31 / 2022-09-07

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисини 2022 йил 13 сентябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қайд этилганидек, навбатдаги ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Жумладан, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда бир қатор қонунлар муҳокама қилинади. Хусусан, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил I ярим йиллиги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиш режалаштирилган.

[gallery-8683]

Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод туманининг ҳамда Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Шунингдек, сенаторлар Боёвут, Қарши, Олот, Бўстон ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижаларини муҳокама қилади.

Ялпи мажлисда давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини кўриб чиқиш назарда тутилган.

Тадбир якунида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА