Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатга Туркия элчиси, Латвиянинг “Марта” маркази раҳбари ташриф буюрди
10:32 / 2025-04-16

Олий Мажлис Сенатига Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улуташ ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги давлатлараро ва парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, икки томонлама алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон – Туркия муносабатлари икки давлат раҳбарларининг мунтазам сиёсий мулоқоти ва яқин ҳамкорлиги туфайли юксак даражага чиққани қайд этилди. Парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш эса икки томонлама стратегик шерикликнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик масалаларига, жумладан, бўлажак ташрифларни ташкил этиш, қўшма тадбирлар ўтказиш ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Элчи Ўзбекистон Президентининг яқинда Туркияга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ушбу битимлар стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқичга айланганини қайд этди. Шунингдек, Туркия Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Учрашув якунида халқаро ва минтақавий парламент тузилмалари, шу жумладан Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси доирасида ва бошқа ўзаро манфаатли ҳамкорликларни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

***

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова Латвиянинг “Марта” маркази раҳбари Илута Лаце билан учрашди.

Учрашув чоғида гендер зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган самарали механизмларни яратиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда фаолият юритаётган ННТ ва манфаатдор ташкилотлар учун халқаро стандартларга асосланган иш методологиясини ишлаб чиқиш, уни амалда жорий этиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, бу соҳада ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳамда келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

И.Лаце Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар жараёнини юксак баҳолаб, парламентнинг жамиятни ислоҳ қилишдаги роли ортиб бораётганини алоҳида қайд этди. Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги умумий мақсадларга эришишда “Марта” маркази Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтиради.

Н.Абдураимова, ЎзА