French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатга борган болалар интернетдаги зарарли сайтларга блок қўйишни сўради
11:40 / 2023-11-24

Ўзбекистонда Жаҳон болалар кунини нишонлашга бағишланган ҳафталик давом этмоқда.

Ҳафталик доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба, Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан ташриф буюрган болалар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (НТТ) вакиллари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар билан учрашди.  

Учрашувда республикамизда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, эришилган натижалар эътироф этилди.  

Т.Норбоева юртимизда болаларни мажбурий меҳнатга жалб этишга мутлақо чек қўйилгани, уларни узлуксиз таълим билан қамраб олиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш борасидаги ишлар жадал олиб борилаётганини таъкидлади.  

ННТ вакиллари, болалар ва ёшлар БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Ўзбекистон учун тавсияларини фуқаролик жамияти ва болалар орасида тарқатишнинг аҳамиятига батафсил тўхталди.  

Тадбир давомида яқинда ўтказилган У-Репорт сўрови натижалари тақдим этилди. Унда 1,8 мингдан ортиқ респондент бола ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича ўз фикрларини билдирган.  

Сўров натижаларига мувофиқ, респондентларнинг тўртдан бир қисмидан озроғи (22 фоиз) бола ҳуқуқлари бузилган тақдирда уларни қандай ҳимоя қилишни билади. Баъзи болалар ўз ҳуқуқлари ҳақида гапиришдан уялади (16 фоиз) ёки ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилсалар, жазоланишдан қўрқади (13 фоиз). Болаларнинг 60 фоизидан ортиғи, агар уларнинг ҳуқуқлари у ёки бу сабабларга кўра бузиладиган бўлса, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмасликларини маълум қилган.  

Ёш иштирокчилар болаларнинг энг кўп бузиладиган ҳуқуқлари юзасидан ўз фикрларини билдириб, ҳукумат ва парламентга бир қатор таклифларини баён қилди. Болалар ҳам, ННТ вакиллари ҳам мактабга бормаслик, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит, болаларнинг йўллардаги хавфсизлиги, оиладаги зўравонлик ва ўсмирларнинг руҳий саломатлиги масалаларига урғу берди. Интернетдаги зарарли сайтларга блок қўйиш ҳамда интернетда болалар хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратишни сўради.  

Бошқа масалалар қаторида рақамли дунёда болалар ҳуқуқларини белгиловчи БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2021 йилдаги 25-сон умумий шарҳини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.  

ННТ вакиллари ва ёшлар бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларнинг муҳокамаларида,  хусусан, қонунчилик ва маъмурий қоидаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалда татбиқ этиш босқичларида мунтазам иштирок этиш истагини билдирди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА