Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатда хизматлар соҳасида ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайгани танқид қилинди
18:37 / 2025-05-21

2025 йилнинг январь-март ойларида мамлакатимизда бозор хизматлари ҳажми 210,8 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,6 фоизга ошган.

Хизматлар соҳасида юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (116,9 фоиз), Самарқанд (114,0 фоиз) ва Навоий (113,1 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида хизмат кўрсатиш соҳасида ҳудудларда чакана савдода 5,2 минг, маиший хизматда 1,4 минг, туризм билан боғлиқ йўналишларда 738, таълим ва тиббиёт соҳаларида 730 ҳамда 3,6 мингдан зиёд бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилган.

Республикада янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилиши натижасида 23,3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган. 
Туризм соҳасида жорий йилнинг январь-март ойларида юртимизга 2,1 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ҳудудлар бўйлаб 2,3 миллион аҳолининг ташрифлари амалга оширилган.

[gallery-23493]

Бу рақамлар Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида қайд этилди. Ҳудудларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ахборотларини эшитиш асносида ушбу йўналишда қатор ишлар амалга оширилгани, шу билан бирга, айрим муаммо ва камчиликларга йўл қўйилганига ҳам тўхталиб ўтилди.

Жумладан, айрим ҳудудларда жорий йилнинг биринчи чорагида хизматлар соҳасида ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайган. 

Хизматлар соҳасидаги мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаганлиги оқибатида электрон савдо платформасига чиқарилган хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари ўз вақтида сотилмаслиги ҳолатлари мавжуд.

Бу каби ҳолатлар вақтинча фойдаланилмаётган ер участкаларини ахборот тизимлари орқали тадбиркорларга бериш жараёнларида ҳам учрайди.

Республиканинг 28 тумани (шаҳари)да мазкур йўналишдаги бирорта ҳам кўчма савдо нуқталари аукцион савдоларига чиқарилмаган. 
Сенаторлар соҳани янада ривожлантириш ва юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди ҳамда тегишли қарор қабул қилди.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА