Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатда қандай муҳим масалалар кўрилди? (+видео)
19:47 / 2026-02-06

Тошкент шаҳрида жорий йил 5-6 февраль кунлари Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда халқимиз ҳаёти, мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутадиган масалалар кўриб чиқилди.  

Озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлом турмуш тарзи, шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш, Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этиш,  экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомига оид қонунлар маъқулланди.  

Янги меъёрларда ҳукумат аъзолигига тақдим этилган шахслар ва ҳоким лавозимига номзодлар коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режаларини ҳам тақдим этиши шарт этиб белгиланди.  

Ялпи мажлис доирасида Конституциявий суд ва Олий суд таркибларига ўзгартиришлар киритилди. Ўзбекистон билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги шартнома ратификация қилинди.  

2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясига оид масала қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Албатта, бу йўналишда мамлакатимиз ўзига хос ютуқларга эришмоқда. Масалан, Жаҳон банкининг баҳосига кўра, Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини кенгайтиришда энг катта ютуқларга эришган бешта давлат қаторига киритилган.  

Бундай кўрсаткичларни янада яхшилаш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашни кенгайтириш давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин тутади.  

Шу боис, мажлисда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш, давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан, директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибида хотин-қизлар улушини ошириш зарурлиги қайд этилди.  

– Бундай чора-тадбирларда, биринчи навбатда, раҳбарият, кузатув кенгаши,  бошқарув органларини шакллантиришда аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар, шаффоф танлов тартиблари ҳамда ҳисобдорлик механизмларини назарда тутиш керак. Агар кузатув кенгашлари, бошқарувда аёллар иштироки бўлса, албатта, қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлиги ошади. Умуман олганда, шундай бўлса, корхона эришмоқчи бўлган натижаларга тезроқ эришади. Президентимиз ҳам аёллар қаерда раҳбар бўлса, ўша ерда яхши натижалар  бўлишини доим таъкидлаган.  

Гендер тенгликни таъминлаш масаласида шаклланган турли стереотипларнинг олдини олиш ва тегишли меъёрларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш қамровини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Мажлисда айрим мақсадли кўрсаткичларга эришиш кечикаётгани танқидий руҳда муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга хизмат қилади. Ундаги вазифалар, тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши лозим.

Мажлисда ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш ишларини тартибга солиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/eKXx_DgaV7E" title="Senatda qanday muhim masalalar ko‘rildi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова,

Дониёр Ёқубов (видео),

Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА