8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан олий таълим тизимида илм-фанни ривожлантириш, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва илмий салоҳиятини юксалтириш борасида салмоқли натижаларга эришган бир гуруҳ хотин-қизлар Олий Мажлис Сенати Раисининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди.
Тақдирлаш жараёнида ҳар бир иштирокчининг фаолияти алоҳида эътироф этилиб, унинг жамоадаги ўрни ва амалий ишлари ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, эътироф этилганлар олий таълим ташкилотларида илм-фан, таълим сифати, инновация ва гендер тенгликни таъминлаш соҳаларида самарали фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг ташаббуси билан муҳандислик ва IT йўналишларида хотин-қизлар учун инклюзив таълим марказлари ташкил этилган, STEAM илмий тадқиқот лабораториялари, “Психология” ва “Трансформация” марказлари фаолияти йўлга қўйилган.

Тақдирланганлар орасида юзлаб илмий ишлар, монография ва дарсликлар муаллифлари, ўнлаб фан докторлари (DSc) ва фалсафа докторларини (PhD) етиштириб чиқарган устозлар бор. Уларнинг гендер тадқиқотлари ва хотин-қизлар фаоллигини оширишга доир илмий изланишлари мамлакатимиз илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани эътироф этилди.
Айниқса, инновация ва ихтирочилик соҳасидаги натижалар алоҳида қайд этилди. Жумладан, 9 та патент муаллифи бўлган, эндокринологик касалликларнинг олдини олишга қаратилган амалий ишланмаларни жорий этган, ўнлаб рационализаторлик таклифларини амалиётга татбиқ этган олималар фаолияти юксак баҳоланди.
Шунингдек, олий таълим ташкилотларидаги хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашларининг фаол раҳбарлари ҳам тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА