Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган қонун маъқулланди
17:25 / 2026-02-05

Табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг майдонини кенгайтириш, табиий мажмуаларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб турларини сақлаб қолиш билан боғлиқ зарур чоралар кўрилмоқда.

Натижада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,3 миллион гектарни ташкил этиб, уларнинг мамлакат ҳудудидаги улуши 14,2 фоизга етказилган.

Шунингдек, тоғли ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, курортлар, меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида туристик зоналар ташкил этилмоқда.  

Ўз навбатида, курорт табиий ҳудудлар ва рекреация зоналарнинг экологик тоза ҳудудларини ва улар режимининг қонуний асосларини белгилаш зарурати ҳам юзага келмоқда.

Шу мақсадда “Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилган.  

Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган мазкур қонун билан  “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилмоқда.  

Курорт табиий ҳудудлар ва рекреация зоналарида жойлашган, атроф табиий муҳитга таъсири меъёрлардан ошмайдиган, энергия самарадор инфратузилмалар билан таъминланган, чиқиндиларни самарали бошқариш тизими жорий этилган, юқори рекреация ва экотуризм салоҳиятига ҳамда бой биологик хилма-хилликка эга бўлган ҳудудлар экологик тоза ҳудудлар ҳисобланиши белгиланмоқда.

Мазкур ҳудудларда экологик тизимларнинг барқарорлигига таъсир кўрсатадиган, табиий ландшафтларнинг кўриниши ҳамда ер ости сувларининг гидрогеологик ҳолати ўзгартирилишига олиб келадиган ишларнинг олиб борилиши, табиий объектларга ва мажмуаларга салбий таъсир қилувчи саноат объектларининг қурилиши ҳамда фаолият кўрсатиши тақиқланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун экологик хавфсизликни таъминлаш, экотуризмни ривожлантириш, табиий объектларни сақлаш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро миқёсда экологик нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА