Сенат ялпи мажлисида “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, дунёда аҳоли ва саноатда электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт, аҳоли сони ва турмуш фаровонлигининг ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2030 йилга келиб 120-125 миллиард кВт соатга етади.

Мамлакатимизда Президентимизнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янгиларини ташкил этиш бўйича олиб бораётган фаол инвестиция сиёсати, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар йилдан-йилга эҳтиёж ортиб бораётган энергия ресурсларини ишончли манбалар билан таъминлашни талаб қилмоқда.
Атом энергетикасини ривожлантириш Ўзбекистоннинг барқарор энергетика тизимини яратиш, саноатни ривожлантириш ва минтақавий тараққиёт учун муҳим омил. Катта ва кичик реактор блокларининг уйғун фаолияти тармоқ барқарорлигини таъминлаб, қайта тикланувчи манбаларни самарали интеграциялаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги қайта ташкил этилиб, кенгайтирилган устувор йўналишлар, вазифа ҳамда функцияларга эга бўлган ва тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамаси таркибига киритилган Атом энергияси агентлигининг фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур қонун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида самарали ва хавфсиз фойдаланиш, давлат органлари ваколатларини аниқлаштириш, соҳадаги ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Қонунда атом энергияси соҳасидаги ваколатли орган сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги белгилаб қўйилмоқда. Давлат органларининг ваколатлари ва жавобгарлиги ҳам мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун атом энергияси соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, ядро хавфсизлиги ва радиация муҳофазасини таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизнинг ядро хавфсизлиги бўйича нуфузини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА