Муҳокамалар жараёнида 2024 йилда мамлакатимиз иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суратлари 5,6-5,8 фоиз миқдорида бўлиши кутилаётгани қайд этилди.
Қонунда 2024 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 375 триллион сўм миқдорида, харажатлари эса 427,6 триллион сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда консолидациялашган бюджет 52,6 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан шакллантирилди.
Таъкидланганидек, давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 312,9 триллион сўмни ташкил этди.
Бунда солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган бўлиб, унга кўра, асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилган.
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 55,2 триллион сўм ва 85,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Кейинги йилда ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирлар учун жами Давлат бюджети харажатларининг қарийб 50 фоизи ёки 151,5 триллион сўм йўналтирилади.
Қонунда асосан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва барқарор ривожланиш миллий мақсадларида назарда тутилган устувор йўналишлар ва вазифаларга эришиш инобатга олинган.
Муҳокамалар жараёнида сенаторлар бюджет даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Яширин иқтисодий фаолиятни қисқартириш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, ажратилган маблағлар натижадорлигини таъминлаш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Қайд этилганидек, маҳаллий ва импортга белгиланган акциз солиғи ставкаларини тенглаштириш мақсадида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари импорти учун ставка 5 фоизга пасайтирилиб, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактошнинг 1 тоннаси учун 2 бараварга пасайтирилмоқда.
Шунингдек, сенаторлар қонунда бюджет даромадлар базасини кенгайтириш, солиқ сиёсатини белгилашда cоғлом турмуш тарзини яхшилаш ва табиатни асрашни рағбатлантиришга эътибор қаратилганлигига алоҳида тўхталди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА