Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: жазо муқаррарлиги таъминланмагани ЙТҲ кўпайишининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда
19:30 / 2024-01-15

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамаси давом эттирилди.

Унда сенаторлар, қўмита ҳузурида ташкил этилган эксперт гуруҳи аъзолари, соҳа мутахассислари, олимлар, шунингдек, Ички ишлар, Адлия ва Рақамли технологиялар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мажлисда қонуннинг дастлабки муҳокамаси оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлгани айтиб ўтилди. 

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга, шу жумладан, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини оширишга, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга, шунингдек, йўл ҳаракати ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилмоқда.

Бироқ  айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилнинг 11 ойида 8 минг 693 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 2 минг 80 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 минг 55 нафар инсон тан жароҳати олган.

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2022 йилда 47 минг 365 ва 2023 йилда 41 минг 866 ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Энг ачинарлиси, фақатгина 2023 йилда қарийб 6 минг ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқаргани аниқланган.

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида 2020-2023 йилларда қарийб 500 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида ушбу даврда 271 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Ўтказилган ўрганишлар таҳлилига кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлар учун амалдаги қонун ҳужжатларида таъсир кўрсатувчи омиллар мавжуд эмаслиги ва бу билан жазо муқаррарлиги таъминланмагани йўл-транспорт ҳодисалари кўпайишининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.

Қонун билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан транспорт воситасини такроран бошқарганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш ҳамда сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ишлайдиган транспорт воситалари иштирокидаги ҳодисалар бўйича алоҳида моддаларда маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Мутахассислар томонидан шу каби ҳолатлар инобатга олиниб, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланаётгани айтиб ўтилди.

Мажлис давомида мазкур қонуннинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлган моддалари бўйича журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Н.Абдураимова, ЎзА