Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: ёшларга мўлжалланган саноат ва тадбиркорлик зоналарига йирик тадбиркорлар жойлашиб олган
11:12 / 2023-05-30

Мамлакатимизда 210 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилган. 299,9 гектар ер майдони ва 5 минг 800 квадрат метр бино ва иншоотда 2 минг 272 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ишга туширилган қиймати 2,1 триллион сўмлик 911 лойиҳа асосида 21 минг 589 иш ўрни яратилган.

Бу борада Андижон ва Фарғона вилоятларида вазият қандай? Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.  

Хусусан, Андижон вилоятида 19 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида умумий қиймати 437,2 миллиард сўмлик 479  лойиҳа ишга туширилиб, 7 минг 152 янги иш ўрни яратилган.  

Фарғона вилоятида эса 24 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида умумий қиймати 149,6 миллиард сўмлик 60 лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 250 янги иш ўрни ташкил этилган.  

Ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан Андижонда  34,6 миллиард сўм, Фарғонада 2,1 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.  

Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалаларга эътибор қаратилди.  

Амалдаги тартибга кўра, Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларида ташкил қилиниши лозим. Айрим туманларда эса бундай иқтисодий ҳудудлар суғориладиган ер майдонларида жойлашган бўлиб, уларнинг ер тоифасини ўзгартириш, бош режасини тасдиқлаш ва  кадастр ҳужжатлари билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.  

Республика бўйлаб инфратузилма объектлари учун 2023 йилда 125,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, айни пайтда фақат 8,2 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган, холос. Оқибатда ҳудудлардаги Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги инфратузилма объектларидаги  қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.  

Бундан ташқари, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида ер ва бино-иншоот муносабатларини тартибга солиш, шу жумладан, уларни хусусийлаштириш масалалари бўйича меъёрий ҳужжат қабул қилинмаган.  

Айрим Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарига аввалдан фаолият юритиб келаётган йирик тадбиркорлик субъектлари жойлаштирилгани ҳам аниқланган. Аслида эса ёшлар саноат зоналари айнан ўғил-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги “стартап” лойиҳалари, ташаббуслари ва ғояларининг амалга оширилишида кўмаклашиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил қилинган.  

Мажлисда ёшлар тадбиркорлигига оид масала танқидий таҳлил қилиниши билан бир қаторда Сенат ялпи мажлисида муҳокама этиладиган қонунлар ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқилди.  

Қизғин муҳокамалардан сўнг кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА