Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: яширин иқтисодиётни қисқартириш ва фискал барқарорликни таъминлаш чоралари кўрилади
17:47 / 2025-12-10

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг мажлисида 2026 йилда яширин иқтисодиётни қисқартириш ва фискал барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 2026 йилда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган устувор йўналишлар дастури лойиҳаси тақдимот қилинди.  

Дастурда солиқ маданиятини ошириш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида шаффофликни кучайтириш, рақамли назоратни кенг жорий этиш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш каби 8 устувор йўналиш белгиланган.

Ислоҳотлар натижасида яширин иқтисодиёт улуши ялпи ички маҳсулотга нисбатан сезиларли даражада қисқарган. Жорий йилнинг 9 ойида мазкур кескинликнинг пасайиши кузатилган.

Мажлисда Солиқ қўмитаси ҳамда Қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги вазирликлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, солиқ органларида жорий этилган “корхонабай” ва “маҳаллабай” тизимлари орқали 55,7 мингта тадбиркорлик субъектининг фаолияти қонунийлаштирилган, 72,1 мингта корхонада 111,7 мингдан ортиқ ходимлар билан меҳнат шартномалари расмийлаштирилиб, бюджетга қўшимча даромад солиғи тушумлари таъминланди.

Қурилиш соҳасида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг кенг жорий қилингани, унинг меҳнат муносабатлари тизими билан интеграцияси натижасида қурилиш-пудрат ташкилотларида иш ҳақи маблағларининг кескин ошгани қайд этилди. Бунда, 2024 йилдаги 602,7 миллиард сўмлик солиқ ҳисобланган иш ҳақи ҳажми 2025 йилда 7,1 триллион сўмга етгани алоҳида таъкидланди.

Муҳокама жараёнида айрим муаммо ва камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, ходимлар сонини яшириш, энг кам иш ҳақидан паст маош расмийлаштириш, устав жамғармаси орқали солиқдан қочиш каби ҳолатлар ҳали ҳам учраётгани таъкидланди.  

Қурилиш соҳасида коррупция хавфларини камайтириш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, “конверт” усулида тўланадиган иш ҳақининг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.

Рақамлаштириш жараёнларини янада тезлаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, солиқ тўловчилар билан ҳисоб-китоб қилиш тизимини соддалаштириш, тадбиркорларга кўмаклашиш ва қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартибини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА