Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этади.
Бу борада Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмини камида 40 фоизга олиб чиқишни мақсад қилинган.
Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартириш имконини беради.
Албатта, бунга эришиш учун амалдаги қонунлардаги айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш зарур.
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга хизмат қилади.
Қонун билан “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга “яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга тааллуқли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона электр энергетикаси тизимига улаш фақат ушбу манбалар махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Қонун билан Солиқ кодексига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадларини фойда солиғидан озод қилишга доир ўзгартиш киритилмоқда.
Сенаторлар қонун энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларидаги энергия тақчиллигини бартараф этишга ҳамда инвесторлар учун қулай шароитларни яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (расмлар), ЎзА