Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат ялпи мажлисида бир қатор қонунлар маъқулланди
17:20 / 2021-04-23

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида бир қатор қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди. Хусусан,“Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.

Қонун чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, республикадаги меҳнат фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, мамлакатдан чиқиш ва унга киришни ташкил этиш тизими ва механизмларини тартибга солиш, шунингдек, меҳнат органларининг фаолиятини ривожлантириш заруриятидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, уларга сиёсий бошпана бериш, уларнинг Ўзбекистон Республикасида кириш ва чиқишлари, меҳнат фаолияти ва бошқа ҳуқуқлари батафсил белгиланган.

Ялпи мажлисида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Қонун билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтишнинг фақат электрон тарзда ишлайдиган махсус  “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонун юридик шахсларнинг филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензия ва рухсатнома олиш талабини ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг электрон шаклда берилиши муносабати билан лицензия шартномасини тузиш институтини бекор қилмоқда.

Мажлисда “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши психиатрия ёрдамининг барча йўналишлари бўйича норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилишига, шу жумладан, ихтиёрий, ғайриихтиёрий ва мажбурий психиатрия ёрдами кўрсатишга, соҳада манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигини таъминлашга имкон беради.

“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди ва маъқулланди.

 

Н.Насриев, ЎзА