Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда
10:38 / 2025-12-19

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Куни кеча ўз ишини бошлаган ялпи мажлис биринчи кунида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунлар кенг муҳокама қилинди.    

Солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, бюджет жараёнини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали бандликни ошириш, қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳуқуқий эксперимент, ҳакамлик судлари, атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланишга оид қонунлар кўриб чиқилди.  

Сенаторлар мазкур қонунларни кўпчилик овоз билан маъқуллади. Бугун ялпи мажлис ўз ишини давом эттирмоқда.  

Мажлис давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ривожлантириш, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар ҳам муҳокама марказида бўлади.

Парламент юқори палатаси аъзолари “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш масаласини ҳам кўриб чиқади.

Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи ҳамда давлат органларига юборилган қатор парламент сўровлари натижаларини муҳокама қилади.  

Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА