Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлиснинг кеча ўтказилган биринчи иш кунида давлат ижтимоий суғуртаси, давлат мулкини хусусийлаштириш, ижро иши, юридик ёрдам олиш, дала четларидаги майдонларда мақбул экин экиш билан боғлиқ қонунлар маъқулланди.
Жиноят кодексига киритилган ўзгаришга кўра, электр, иссиқлик энергияси, газ ва сув ўтказгичдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилди.
Мажлиснинг иккинчи иш кунида сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар, пиротехника буюмларининг муомаласи, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш, валюта ва қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солиш, олий таълимга оид малакаларни тан олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар муҳокама қилинади.
Сенаторлар томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига мамлакатда оила институтини мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кун тартибидан ўрин олган.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат), ЎзА