Бугун – 2023 йил 4 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қирқ учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда. Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Унда бир қатор қонунлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Мажлисда “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”, “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунлар қонунлар кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинади.
Ялпи мажлис жорий йилнинг 4-5 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ялпи мажлисда кўриладиган барча масалалар ҳақида сайтимизда ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,
ЎзА