Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: Уч йил давомида ис газидан заҳарланиш оқибатида 421 нафар инсон ҳалок бўлган
09:39 / 2023-11-01

2020–2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 245 нохуш ҳолат юз берган. Оқибатда 200 нафар фуқаро жароҳатланган, 421 нафар инсон ҳалок бўлган. Афсусланарлиси, бу каби фожиалар йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, тегишли ташкилотларнинг масъулиятини оширишга эътибор қаратилди.

Шу мақсадда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчиликка риоя қилиниши юзасидан ўтказилган йиғилишда Фавқулодда вазиятлар, Энергетика, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Шунингдек, қўмита томонидан мазкур соҳада ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Лекин шунга қарамай ушбу йўналишда тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Хусусан, якка тартибдаги уй-жойлар, кўп қаватли уйларда ўрнатилган дудбурон ва шамоллатиш каналларининг кўпчилиги соз ҳолатда эмас. Айниқса, янги қурилган кўп қаватли уйлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналлари амалдаги қурилиш меъёрларига зид равишда ўрнатилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган Республика комиссиясининг фаолияти кутилган самарани бермаяпти.

Турар жойлардаги газ плиталари, иситиш қозонлари, дудбуронлар ва вентиляция тизимини тафтишдан ўтказиш ва профилактика хизматлари кўрсатишни тизимли ташкил этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бироқ, шу кунга қадар мазкур хизматларни кўрсатиш тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Оқибатда тегишли ишлар мутахассис бўлмаган ходимлар томонидан сифатсиз ва юзаки бажарилмоқда.

Шу йўналишдаги ишлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юкланган бўлса-да, мамлакатимиздаги 7,5 миллиондан ортиқ хонадонни тўлиқ қамраб олиш ва ушбу вазифани амалга ошириш учун вазирликнинг техник имконияти йўқ.

Газда ишловчи қурилмаларни ўрнатиш ва таъмирлаш учун мутахассисларга махсус рухсатнома берувчи тизим мавжуд эмас. 

Ушбу соҳада техник хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган 200 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган.

Қонунчиликда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўтказилган техник кўрикнинг сифати учун жавобгарлик масаласи белгиланмагани сабабли ушбу субъектлар мутахассислари томонидан аҳолига ёлғон маълумотлар бериш, таъмагирлик қилиш ҳолатлари учрамоқда. Улар муайян маблағ эвазига қалбаки далолатномаларни бераётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Мажлисда сенаторлар томонидан республикамизда юз берган бир қатор аянчли ҳолатлар мисол тариқасида айтиб ўтилди. 2023 йил январь ойида Қашқадарё вилояти Касби туманида 4 нафар кишидан иборат бир оила қўлбола печдан фойдаланиш оқибатида ис газидан ўткир заҳарланиб вафот этган. Яқиндагина Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида 3 нафар фуқаро, яъни, 53 ёшли аёл ва унинг 9 ва 3 ёшли набиралари вафот этди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинди.

Хусусан, бир ой муддатда масъул вазирлик ва идоралар томонидан қайд этилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган идоралараро “Йўл харитаси” ишлаб чиқиб, тасдиқланади.

Икки ой муддатда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

“Йўл харитаси” ижроси Вазирлар Маҳкамаси ва Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг доимий назоратида бўлади.

Н.Абдураимова, ЎзА