Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: сув тақчиллиги 2030 йилга бориб 15 миллиард м3 ни ташкил қилиши мумкин
19:48 / 2024-03-15

Сув хўжалигида илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳага инновацион технологиялар, илм-фан ютуқларини кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда. Инновацияларни жорий қилиш билан боғлиқ хизматларни ташкил қилиш борасида муайян ишлар қилинди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Ўзбекистонда 2015 йилгача бўлган даврда сувнинг умумий тақчиллиги 3 миллиард м3 дан ортиқни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб 15 миллиард м3 ни ташкил қилиши мумкин.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Cув хўжалигида инновацион технологияларни жорий қилиш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида ўтказилган конференцияда шу ҳақда гап борди. 

Минтақада сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, қор ва ёмғирларнинг кам бўлаётгани, музликларнинг ва йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув миқдорининг камайиб бораётгани, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли республикада ўртача йиллик 51 - 53 миллиард м3 сув ресурсларидан фойдаланилмоқда (97,2 фоизи дарё ва сойлардан, 1,9 фоизи коллектор тармоқларидан, 0,9 фоизи ер остидан). Кўрсаткич ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга қисқарган.

Республика бўйича иқтисодиёт соҳаларида кейинги 10 йилда фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51,9 миллиард м3, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида 46,8 миллиард м3 (90 фоиз), саноатда 0,75 миллиард м3 (1,5 фоиз), иссиқлик энергетикасида 0,3 миллиард м3 (0,6 фоиз), коммунал-маиший хўжалик соҳасида 2,7 миллиард м3 (5,2 фоиз), балиқчиликда 0,74 миллиард м3 (1,4 фоиз), бошқа соҳаларда 0,6 миллиард м3 (1,3 фоиз)ни ташкил этган. 

Президентимизнинг сув хўжалигини ривожлантиришга оид қатор фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган 2023 йилда соҳада бир қатор натижаларга эришилган.

Хусусан, ирригация йўналишида 393 км канал, 58 км лоток, 19 та гидротехника иншооти, 4,3 м3/с насос станциялари, 4,6 км босимли қувурлар, иккита кўприк ва 60 та суғориш қудуқлари қурилган ва реконструкция қилинган, 9,1 км қирғоқ ҳимоя ишлари бажарилган.

Мелиорация йўналишида 230 км очиқ, 156 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 6 та вертикал дренаж қудуғи, 59 та гидротехник иншоот, 58 та кузатув қудуғини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида ирригация ва мелиорация объектларининг техник ҳолати яхшиланиб, лойиҳалар ҳудудидаги 208 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти ва 106 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига замин яратилган.

Шу билан бирга, конференция иштирокчилари сув хўжалигида инновацион технологияларни жорий қилишдаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш асосида илмий асосланган хулосаларга таянган ҳолда ривожлантириш истиқболларини белгилаш бўйича яхлит тизим яратиш масаласига тўхталиб ўтди. Соҳада илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этишни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, олимлар, амалиётчилар иштирок этган анжуман якунида соҳани ривожлантиришга оид тавсиялар ишлаб чиқилди.

Н.Абдураимова, ЎзА