Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат раиси: Янги иш ўринлари яратиш ҳисобот учун бўлмаслиги керак
12:19 / 2022-09-13

Баъзан бир миллионлаб иш ўрни яратилди, деган ҳисоботлар берилади, лекин бу ёқда одамлар хорижга иш излаб кетаётган бўлади...

Сенат ялпи мажлисида Навоий ва Самарқанд вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама этилди. 

Мазкур вилоятларда ишсизликни камайтириш борасида муайян натижаларга эришилган. Хусусан, қарийб 120 минг ишсиз фуқарога меҳнат органлари томонидан бандлик хизматлари кўрсатилган. 31 минг нафар фуқаро бўш иш ўринларига жойлаштирилган. 

Шу билан бирга янги иш ўринларини яратишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилган.  

Иш ўринлари тўғрисидаги умумий ҳисоботни шакллантиришда такрорланувчи рақамларни чегириб ташлаш, солиқ органи ва Ягона миллий меҳнат тизими электрон маълумотлари базасига мувофиқлигини таъминлаш ишлари охирига етказилмаган.

Жумладан, Самарқанд вилоятида туризм йўналишида якка тартибда тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ҳисобига яратилган 5,2 минг иш ўрни бир вақтнинг ўзида тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида яратилган иш ўринларида ҳам такрор қайд этилган. 

Сенат раиси Танзила Норбоева ушбу масала юзасидан фикр билдириб, янги иш ўрни яратиш ҳисоботбозлик учун бўлмаслиги кераклигига эътибор қаратди. Баъзан бир миллионлаб иш ўрни яратилди, деган ҳисоботлар берилади, лекин бу ёқда одамлар хорижга иш излаб кетаётган бўлади. Бундай ҳолатларга чек қўйиш, янги иш ўринлари реал яратилиши, қолаверса, бу иш ўрни ишга кирувчининг манфаатдорлигини ҳам таъминлаши керак.  

Албатта, ҳисоботлар ҳам керак. Лекин турли идоралар ҳисобот йиғади, аммо улар баъзан бир хил рақамларни қамраб олади ва якунда рақамлар амалдагидан кўпайиб кетади. Мана шундай тафовутларни йўқ қилиш керак. Электрон тизимларни мукаммал ишлаб чиқиш орқали бунга эришиш зарур.   

Янги иш ўринлари яратган айрим тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтганига бир-икки ой бўлишига қарамай, фаолиятини тўхтатиб қўйганлиги қайд этилди. 

Ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, хусусан, иш ўринларини соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида инвентаризациядан ўтказиш, асоссиз равишда ошириб кўрсатилган иш ўринларини аниқлаб, ҳисоботларни қайта шакллантириш, “Шаффоф қурилиш” платформасида ғолиб бўлган пудрат корхоналари томонидан ўз лойиҳасида кўрсатилган иш ўринларида бандликни таъминлаш устидан мониторинг модулини яратиш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди. 

 

Норгул Абдуримова,  
ЎзА