Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат Раиси хотин-қизлар бандлиги ва тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратди
15:03 / 2024-08-09

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева пойтахтимизнинг Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида бўлди.

Сенат Раиси  Яшнобод туманининг Уччинор ва Дилбоғ ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги Алишеробод маҳаллаларида аҳоли вакиллари, маҳалла фаоллари, тадбиркорлик субъектлари, “маҳалла еттилиги”, маҳаллий кенгаш депутатлари билан учрашди.  

Мулоқотлар давомида “маҳалла еттилиги” фаолияти, аҳолининг иқтисодий ҳолатини яхшилаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳаллалардаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.  

Аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат фаолиятини кенгайтириш истагидаги аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.  

Маҳалла аҳолисини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда маҳаллий кенгаш депутатлари фаол иш олиб бориши кераклиги, “Маҳалла еттилиги” – кенгаш – Сенат” уч бўғинли ҳамкорлик воситасидан самарали фойдаланиш, айниқса, туман бюджетини шакллантиришда маҳаллий кенгаш депутатлари ҳар доимгиданда фаол бўлиши зарур экани қайд этилди.  

Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юқори бўлишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан бўлган суҳбатлар давомида ишлаб чиқариш кўламини ошириш ва барқарор экспортга эришиш, корхона ходимларига муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишчиларга бозор иқтисодиёти талаби даражасида меҳнатига ҳақ тўлаш кераклиги юзасидан тавсиялар берилди.  

Бу борада Сенат Раиси Уччинор маҳалласида жойлашган “Sport jihoz lyux” хусусий корхонаси ҳамда “Дилбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги новвойчилик ва қандолат маҳсулотлари тайёрловчи тадбиркор М.Баратова фаолияти билан яқиндан танишиб, мавжуд шарт-шароитлар юзасидан ишчилар билан суҳбатлашди.  

Алишеробод маҳалласида “Libos atelier” тикувчилик цехи ҳамда болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш мақсадида фаолияти йўлга қўйилган “Тhe first school” мактабгача таълим ва мактаб мажмуаси фаолияти билан ҳам танишилди.  

Ташриф давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича пойтахт туманларида амалга оширилаётган ишлар ҳолати танқидий кўриб чиқилди.  

Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, маҳаллаларни ривожлантириш бўйича аниқ манзилли чораларни белгилаш ва амалга оширилишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.  

Аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг даромад манбаини оширишда барча масъулларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, бунда, тегишли раҳбарларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўриш муҳимлиги қайд этилди.  

Ҳар бир туман ҳокимликлари ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни танқидий-таҳлилий кўриб чиқиб, йил якунига қадар ҳудуддаги ишсиз, ишлаш истагини билдирган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича аниқ, манзилли чораларни белгилаши ва амалга ошириши лозимлиги айтиб ўтилди.  

Шунингдек, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари маҳаллий кенгашлари депутатлари билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишда депутатлик назорати институтидан фойдаланиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди.  

Жойларда аҳоли муаммоларини “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда бартараф этиш бўйича йўлга қўйилган намунавий тизимдан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ва лойиҳаларни манзилли ўрганиш ҳамда назоратни амалга ошириш, аҳоли муаммоларини бартараф этиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари, туман бюджети шакллантирилаётганда фаол иштирок этиш муҳим экани алоҳида қайд этилди. 

Учрашув давомида маҳаллий кенгаш депутатлари бир қатор ташаббусларни илгари суриб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.  

Н.Абдураимова,  

ЎзА