Онлайн
Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларини белгилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, қонунни ишлаб чиқишда, давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган.
Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун муҳокамаси жараёнида Сенат раиси Танзила Норбоева қонун билан Ҳисоб палатаси Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш миқдорларини ва унинг мақсадга мувофиқлигини баҳолашни амалга ошириб, жалб қилинган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириши, палатанинг давлат ташқи қарзини бошқариш бўйича вазифа ва ваколатлари кенгайтирилаётганини қайд этди.
Сенат раиси Ҳисоб палатаси вакилига “Ҳисоб палатаси олдига қўйилган вазифаларни бажариш жараёнида бу соҳада қандай тизимли камчиликларни аниқлаган ва бу камчиликларга йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш учун ушбу қонун нормалари – механизмлар етарлими?”, деган савол билан мурожаат қилди.
Ҳисоб палатаси вакилининг маълум қилишича, давлат қарзи сифатида олинган маблағлар қандай сарфланаётгани таҳлилий ўрганиб чиқилмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича сарфланаётган маблағлар ҳақидаги маълумотлар парламентга ҳам тақдим этилган. Бу борада айрим камчиликларга йўл қўйилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли гуруҳлар бор, лекин улар малака ва тажрибага эга эмас. Вазирлик ва идораларда ички назорат тизимлари яхши йўлга қўйилмаган. Пудратчилар лойиҳаларни ўз вақтида бажармаган ҳолларда буюртмачиларда ҳам айб бор. Вақтида талаб қўйиш керак. Буларнинг олдини олиш учун таклифлар тайёрланди. Давлат қарзини бошқаришда стратегиялар белгиланиши керак. Бу қонунда алоҳида моддалар билан белгиланаётгани мақсадга мувофиқ. Давлат қарзи бўйича мавжуд ҳолат ҳақида жамоатчилик шаффоф тарзда хабардор қилиб борилади.
– Мазкур қонун ҳақиқатдан ҳам мамлакатимиз ривожининг бугунги босқичида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга, – деди Танзила Норбоева. – Кўзланган мақсадларга эришишда ички имкониятлар билан бир қаторда ташқаридан ҳам молиявий ресурсларни жалб қилиш бутун дунё давлатларида кенг тарқалган тажриба ҳисобланади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ташқи қарз ҳаммага ҳам берилавермайди, бунинг учун мамлакатнинг ташқи дунёдаги нуфузи ва унга нисбатан ишонч бўлиши керак”.
Ўзбекистон халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ислоҳотларга интилувчи давлат, ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, ҳар соҳада аниқ ҳисоб-китоб ва табиийки, мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши керак. Шу маънода, “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун ушбу йўналишдаги ишларимизнинг тўғри, ҳаққоний, манфаатли ва албатта очиқ, шаффоф бўлишига хизмат қилади. Қонунда давлат қарзини бошқариш бўйича парламент ваколатлари ҳам белгиланяпти. Давлат қарзини бошқариш стратегияси амалга оширилиши, жалб қилинган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, лойиҳалар натижадорлиги каби муҳим жиҳатлар доимий диққат марказимизда бўлади. Бу масала маҳаллий кенгашларнинг ҳам назоратида бўлиши керак. Бу катта ишонч ва алоҳида масъулият ва фаоллик талаб қилишини ўйлайманки ҳар бирингиз тўғри англаб турибсиз. Шундай экан, мен яна бир бор барчангизни мамлакатимиз, хусусан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурий вазифаларнинг ижро этилиши ҳолатларига бефарқ бўлмасликка чақириб қоламан. Қонун қабул қилинганидан кейин унинг ижроси билан боғлиқ тадбирларни мониторинг қилиб боришимиз керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА