Сенат Раиси Сергелидаги ёнғин оқибатида зарар кўрган ҳамюртларимизга ҳамдардлик билдирди
Сенат ялпи мажлиси давом этмоқда. Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева куни кеча пойтахтимизнинг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган фавқулодда ҳодисага тўхталди. Портлаш оқибатида зарар кўрган ҳамюртларимизга ҳамдардлик билдирди.
– Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан ҳолат бўйича зудлик билан Ҳукумат комиссияси иш бошлади. Ҳозирда комиссия ҳолат сабабларини ўрганиш ва талафотларни бартараф этиш, жумладан жабрланганларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Ишонамизки, тез фурсатларда ҳодиса оқибатлари тўлиқ бартараф этилади.
Фурсатдан фойдаланиб, бундай оғир дамларда матонат кўрсатаётган қутқарувчи – ҳарбийларимизга (Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа, Миллий гвардия ходимларига), шифокорларимизга, қолаверса жабланганларга беминнат ёрдам қўлини чўзаётган фидойи ҳамюртларимизга, ёш волонтёрлар ҳаракатига барча сенаторлар номидан миннатдорчилик билдирамиз, – дейди Т.Норбоева.
Н.Абдураимова, ЎзА