Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Президентимизнинг парламентга ва халқимизга Мурожаатномаси сенаторлар эътибор марказида бўлди.
Сенат раиси Танзила Норбоева дастурий ҳужжатда кўтарилган ҳар бир масала парламент фаолияти билан чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди. Нега деганда, барча соҳаларда қонун устуворлигига эришиш, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг жойларда сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича парламент томонидан самарали назорат ўрнатиш, уларнинг тўлиқ бажарилишига эришиш асосий вазифаларимиздан бири.
– Айни пайтда Ҳукумат ва унинг таркибидаги барча вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар асосида Давлат дастури устида иш олиб бормоқда, – деди Т.Норбоева. – Уни ишлаб чиқишда Ҳукумат билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Бу жараён дастур ижросини бажарилишини назорат қилишимизда кўмак беради.
Давлатимиз раҳбарининг маъмурий ислоҳотларга қаратилган фармон ва қарори эълон қилинди. Бу Сенатнинг Ҳукумат билан ишлашида янгича ёндашувни тақозо қилади. Қўмиталар ўз фаолияти йўналишида ҳамкорлик қилувчи тегишли давлат бошқаруви органлари билан ўзаро алоқа ва ишлаш услубларини қайтадан кўриб чиқади.
Бунда ҳудудларни оламизми, вазирлик ёки идораними, уларнинг фаолиятини ўрганиш ва камчиликларни аниқлаш билан чекланмаслик керак. Зеро, парламентнинг асосий мақсади, ҳокимиятларнинг ўзаро тийиб туриш мувозанатини сақлаган ҳолда, халқ манфаатини таъминлаш йўлида ҳокимият бўғинлари ўртасидаги ҳамкорликни ўрнатишдан иборатлиги таъкидланди.
Парламент фаолияти моҳияти ва мазмунига кўра қонунлар ижросини таъминлашга, ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини ўрнатишга қаратилган.
Сенатнинг ҳар бир қўмитаси жойларга чиқиб, аҳоли фикрини ўрганиб, камчиликларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирликлар билан биргаликда ишлаши зарур.
– Шу ўринда ўз ваколат ва имкониятларимиздан самарали фойдаланган ҳолда, вазирлик, идора ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш масаласига тубдан янгича ёндашишимиз талаб этилади, – деди Сенат раиси.
Н.Абдураимова,
ЎзА