Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат Раиси паркентлик тадбиркорлар, фермерлар ва аҳоли билан мулоқот қилди
18:04 / 2023-07-03

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Паркент туманида бўлиб, маҳаллалар фаолияти ва тадбиркор ҳамда фермерларга яратилган шароитлар билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

2,7 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган  “Марказий” маҳалла фуқаролар йиғинида нуронийлар ва маҳалла аҳли билан мулоқот чоғида маҳаллаларни ривожлантириш мақсадида кўрилаётган чораларга эътибор қаратилди. Жумладан, аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг таълим-тарбияси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар ечими қандай йўлга қўйилгани кўриб чиқилди.  

Нуронийлар, маҳалла фаоллари кейинги йилларда ислоҳотлар айнан маҳаллалардан бошланаётгани боис ичимлик суви, йўллар қурилиши, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳал этилаётгани, бунда айниқса, “Очиқ бюджет” платформаси муаммоларга ечим бўлаётганини таъкидлаб ўтди. 

Маҳалла бешлигининг йўлга қўйилгани масалаларни комплекс ҳал этишда муҳим омил бўлаётгани айтиб ўтилди. Ҳудудда “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зонасида фармацевтика корхоналарининг ишга туширилиши, шунингдек, 3 та текстиль корхонасининг фаолият бошлагани аҳолининг бандлигини таъминлади. 

Суҳбат чоғида қатор таклифлар илгари сурилди. Бугун туманда саноат ривожланмоқда, қишлоқ хўжалигида фермерлар сони ортаётир. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигида кооперацияни ривожлантириш, шу билан бирга, “Очиқ бюджет” порталида таклифларни йўналишлар кесимида шакллантириш юзасидан мулоҳазалар билдирилди.

Сенат Раиси “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 200 ўринли “Шабнам элегант” масъулияти чекланган жамияти текстиль корхонасига ташриф буюрди. Мазкур корхона жорий йилда 3 миллион долларлик маҳсулотга шартнома қилган бўлиб, МДҲ давлатларига экспортни амалга ошириб келмоқда.  

Сенат Раиси бу ерда ходимларга яратилган шароитлар, уларга берилаётган иш ҳақи билан қизиқди.  

Корхона раҳбари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати юқори бўлгани боис буюртма ҳажми кўплиги, яна ишчи кучи керак бўлаётгани, бунинг учун қўшни туманлар аҳолисини ҳам иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, айни пайтда хорижлик мутахассисларни жалб қилган холда янги лойиҳалар устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. 

Паркент тумани ўзининг узумлари билан нафақат мамлакатимиз, балки хориж давлатларида ҳам ном қозонган. “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида узумчиликни ривожлантириш ва қайта ишлаш бўйича фаолият олиб бораётган фермерлар билан суҳбат чоғида кластер тизими самарадор экани қайд этилди. Қишлоқ хўжалигида ҳам тадбиркорликни кенгайтириш, соҳани ривожлантиришда халқаро алоқаларни йўлга қўйиб, жаҳон стандартларини жорий этиш масалалари диққат марказида бўлди.  

Фермерларнинг сўзларига кўра, ҳудудда агрологистика марказлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ўтган йили 20 миллион долларга тенг маҳсулот экспорти амалга оширилган. Манфаатдорлик юқори бўлгани боис фермерларнинг ҳаракати ҳам шунга яраша.  

Учрашув чоғида омилкор боғбонлар соҳани ривожлантириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди. Соҳада суғурта тизимини ривожлантириш, бугунги кунда етиштирилаётган 4-5 хил навлар билан чекланиб қолмай, Европа мамлакатлари тажрибасини бевосита ўрганган ҳолда узумнинг янги, хўраки, экспортбоп навларини етиштиришни ўзлаштириш, халқаро сертификатларни олишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор таклифларни билдирди.

Т.Норбоеванинг Паркент туманига ташрифи дастуридан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиш масалалари ҳам ўрин олди. “Бозорбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олинди.  

Н.Абдураимова, ЎзА