Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат Раиси Озарбайжон Президенти билан учрашди
18:32 / 2023-05-16

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Озарбайжон Республикасига ташрифи давомида мазкур мамлакат Президенти Илҳом Алиев билан учрашди.

Президент Илҳом Aлиев Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжоннинг буюк фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этаётгани, ушбу мамлакатнинг умуммиллий лидери хотирасига кўрсатилган юксак ҳурмат-эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.  

Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолатига тўхталар экан, Илҳом Алиев улар изчил равишда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди. Давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро ишонч ва қардошлик муносабатлари ўрнатилиб, олий даражадаги ташрифлар алмашинувининг самарали механизми яратилганини таъкидлади. “Ўтган йилнинг ўзида мен Ўзбекистонга 3 марта ташриф буюрдим. Бу биз учун мамлакатингиздан яқинроқ дўст йўқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, деди, И.Алиев.  

Ўз навбатида, Т.Норбоева самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Икки томонлама алоқаларнинг ижобий динамикаси деярли барча йўналиш ва даражаларда кузатилаётгани, муҳими, икки қардош мамлакат халқаро ва минтақавий ташкилотлар майдонларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганига алоҳида тўхталди.  

Сенат Раиси парламентлараро мулоқот икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмига айлангани, Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, бундан буён ҳам икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш учун барча имконият ва саъй-ҳаракатларини ишга солишини таъкидлаб ўтди.  

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини икки мамлакат парламентлараро мулоқоти орқали ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, ҳамкорликнинг турли йўналишлари, жумладан, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, энергетика, сармоявий ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.  

Бугунги кунда Озарбайжонда иқтисодиётнинг турли тармоқлари масалан, тўқимачилик ва ипакчиликда IT-парклар ва кластер тизимини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва уни жорий этиш масаласига эътибор қаратилаётгани таъкидланди.  

Тарих, тил, маданиятнинг муштараклиги ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги маънавий яқинликни тасдиқлайди. Шу маънода учрашувда икки халқ бир-бирини таржимасиз тушуниши, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳам маданий-маърифий мулоқот эканлиги айтиб ўтилди.  

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик алоқалари истиқболли давом этиши муҳимлиги қайд этилиб, икки давлат ёшларини бирлаштиришга хизмат қиладиган махсус форум ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА