Ўсимлик дунёси – табиатнинг бир бўлаги бўлиб, атроф-муҳит барқарорлигида муҳим ўрин тутади. Айниқса, глобал иқлим ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда ўсимликларни асраб-авайлаш ва кўпайтириш долзарб масала ҳисобланади.
Ўсимликларни зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлиғига, атроф табиий муҳитига зарарли таъсирининг олдини олиш ҳам муҳим.
Айнан шу масала билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонунда махсус ваколатли давлат органи сифатида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат назорати амалга оширилиши белгиланган. Ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилмоқда.
– Ўсимликлар ҳимояси бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам жуда долзарб масала ҳисобланади, – деди Т.Норбоева. – Ўсимликлар ҳимояси бўйича янги ёндашувларни жорий этиш талаб қилинмоқда. Бу йўналишда ҳуқуқий асослар яратилган. Янги қонун билан эса соҳага оид асослар бугунги кун талабларига мувофиқ такомиллаштирилмоқда. Зеро, инсон соғлиғи, атроф табиий муҳити хавфсизлиги, биологик усулни қўллаш устуворлиги асосий принцип сифатида белгиланмоқда. Тизим ходимлари зарур малакага эга бўлиши шарт. Зотан, ўсимликларга бўлган муносабат, инсониятга бўлган муносабат билан баробар.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган сенатор Баҳодир Тожиев кимёвий воситаларни қўллаш меъёрини назорат ва мониторинг қилишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслигини қайд этди.
– Тупроқдаги ҳамда етиштирилаётган маҳсулот таркибидаги пестицид ва нитрат миқдорини назорат қилиш деярли имконсиз бўлиб қолган, – деди Б.Тожиев. – Бунинг оқибатида атроф-муҳит ва инсон саломатлигига салбий таъсирлар кўпаймоқда. Оддий мисол, бодринг, помидор, кўкат каби одатда термик ишловсиз истеъмол қилинадиган маҳсулотларни етиштиришда кимёвий воситаларни қўллашни маҳсулот пишиб етилишидан 30 кун олдин тўхтатиш лозим. Бироқ, аксарият ҳолатларда бунга амал қилинмайди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари сотиладиган дўконлар фаолияти тартибсиз. Уларда фаолият олиб борадиган шахсларнинг илми, малакаси талаб даражасида эмас. Мақсад фақат фойда олиш бўлиб қолган. Кимёвий воситаларни қўллаш бўйича инструктаж ўтказиш амалиёти деярли йўқ.
Шу боис қонунда кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш, қўллаш, ташиш, муомаладан чиқариш, сақлаш қоидаларига риоя қилишга, шунингдек, яроқсиз ҳолга келган ва қўлланилиши тақиқланган воситаларни зарарсизлантириш, утилизация қилишга доир талаблар кучайтирилмоқда.
Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини стандартлаштириш, сертификатлаштириш, тамғалаш ҳамда ишлаб чиқаришга доир талаблар ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, қонунийлик, тизимлилик ва узлуксизлик, биологик усулни қўллаш устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик каби ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар мустаҳкамланмоқда.
Ушбу қонун кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишни ҳам назарда тутади. Яъни, қонун давлат минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилишни таъминлайди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ҳозирги глобал иқлим ўзгариши шароитида ўсимлик дунёсини асраб-авайлашга ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА