Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат раиси Наманганда
16:51 / 2023-04-19

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева хизмат сафари билан Наманган вилоятига келди. Ташриф Уйчи туманидаги “Ёркатай” кичик саноат зонасидан бошланди.

Таъкидлаш жоиз барча шаҳар ва туманларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини кенгайтириш, истиқболли бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган шароитлар натижасида кичик саноат зоналари вилоятнинг асосий “драйвери”, яъни “ўсиш нуқтаси” га айланди. Бундан беш йил аввал давлатимиз раҳбарининг алоҳида махсус қарори билан Наманганда барпо этишга киришилган кичик саноат зоналари сони ҳозирги вақтга келиб, 80 тага яқинлашди.

Сенат раиси Ёркатай маҳалласи ҳудудида жойлашган янги кичик саноат зонасида тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳунарманд хотин-қизлар фаолияти билан яқиндан танишди. Кўп қиррали ишбилармон, ҳам тадбиркор, ҳам фермер хўжалиги раҳбари, “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси Моҳидил Бўронова хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари ҳақида сўзлаб берди. “Устоз-шогирд” йўналишида тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар томонидан тайёрланган бежирим маҳсулотлар меҳмонлар эътиборини тортди.

Танзила Норбоева маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносида яратилган шароитлар билан танишиб, маҳалла “бешлиги” – МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва ИИБ профилактика инспектори билан суҳбатлашди. Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Саноат ҳудудида ўз фаолиятини бошлаган “Агро соф захира” масъулияти чекланган жамиятида тикув ва тикув трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнлари ва корхонанинг истиқболдаги режалари парламент юқори палатаси раҳбарига манзур бўлди.

Сенати раиси водийга хизмат сафарини Наманган давлат университетида давом эттирди. Танзила Норбоева мазкур олий таълим муассасасида талаба-ёшлар учун яратилган шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишди. Ташрифи чоғида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси мазмун-моҳиятига бағишланган “Референдум ва ёшлар” тарғибот тадбирида иштирок этиб, талабалар билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

Танзила Норбоеванинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА