Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат Раиси: “Лифтларда инсон вафот этишига тоқатсиз муносабатда бўлиш керак”
12:23 / 2023-08-04

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сенаторлар ижтимоий ҳаётимизда учраётган долзарб масалаларга эътибор қаратди. Аниқроғи, сенаторларнинг аҳоли дуч келаётган муаммолар ечимига қандай эътибор қаратаётгани кўриб чиқилди.

Мажлисда сўз олган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ҳал этилиши лозим бўлган масалаларнинг учраб тургани, масъулларнинг улар ечимига етарли эътибор қаратмаётгани жиддий муаммолар юзага чиқишига олиб келаётганини қайд этди.  

– Энг ташвишлиси, ҳатто маиший характердаги муаммолар таъсирида одамларнинг қонунларга, масъул давлат тузилмаларига бўлган ишончига путур етмоқда, – деди Қ.Бурхонов. – Хусусан, жорий йил июнь ойида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани Янги Дархон маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг лифтида юзага келган носозлик оқибатида 11 нафар фуқаро жабр кўрди. Шундан сўнг қўмитамиз томонидан мамлакатимиздаги лифтларнинг ҳолати ҳамда улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя қилиниши аҳволи ўрганилди. Шунда бу борада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги аниқланди.  

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси зиммасига кўп квартирали уйлардаги лифтларнинг техник ҳолати белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг давлат экспертизасидан ўтказилган ҳолда ўрнатилишини назорат қилиш, носоз лифтлардан фойдаланишни тақиқлаш чораларини кўриш каби қатор вазифалар юклатилган. Бироқ, ажабланарли жиҳати шундаки, бу вазифаларни амалга ошириш учун инспекция зарур ваколатларга ва етарли мутахассисларга эга эмас. Мисол учун, янги қурилган кўп хонадонли уй-жойларни давлат ҳайъати қабул қилиш комиссияси таркибига инспекция киритилмаган.  

Оқибатда мутахассисларнинг тегишли хулосаси олинмасдан, яъни лифт қурилмалари белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинмасдан ҳамда хавфсизлик томонидан кўрикдан ўтказилмаган тарзда фойдаланишга топширилмоқда.  

Мамлакатимиздаги янги қурилган кўп хонадонли уйлардаги қарийб 400 га яқин лифт ускуналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган, лекин фойдаланиб келинмоқда.  

Энг ёмон томони шундаки, одамларнинг хавфсизлиги тўлиқ кафолатланмаяпти. Яқинда Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги кўп қаватли улардан бирида лифт носозлиги туфайли унда уч кун қолиб кетиб, 32 ёшли аёл вафот этгани жуда қайғули иш бўлди...  

Бу масала бўйича фикрлари сўралган мутасаддилар - Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Холматов, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов муаммолар мавжудлиги, лекин меъёрий ҳужжатларда чалкашликлар борлигини қайд этди. Ҳужжатларни такомиллаштириш, лифтларнинг божхона орқали кириб келишидан тортиб ўрнатилиши ва фойдаланилиши бўйича назорат ўрнатиш ишлари йўлга қўйилиши таъкидланди.  

Бу масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева кўп қаватли уйларни фойдаланишга топширишда лифтлар бўйича мутахассислар иштирок этмаётгани жуда ачинарли ҳолат эканини қайд этди.  

–Муаммо бўйича фикр билдирган мутасаддилардан аниқ таклиф эшитмадик, – деди Танзила Норбоева. – Нега олдин муаммолар кўтарилмади? Ҳукуматга таклиф киритилмади?  Лифтларда инсон вафот этишига тоқатсиз муносабатда бўлиш керак. Қариндошларингиз шу аҳволга тушса, нима қилар эдингиз? Амалий ишга ўтиш керак. Соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни пухта тайёрлаш керак. Мутахассисларнинг функционал вазифалари, масъулияти  аниқ белгилаб қўйилиши керак. Жавобгарлик бўлиши шарт. Ахир нимага одамлар лифтлар ичида ўлиб кетиши керак? Бунақа сансалорлик бўлиши керак эмас. Бу борада қаттиқ назорат бўлиши шарт. Кейинги ялпи мажлисда бунинг натижаси кўриб чиқилади.  

 

Норгул Абдураимова,  

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА