Президентимиз ташаббуси билан Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига бошчилик қилиш вилоят халқ депутатлари кенгашлари раисларига ўтказилди.
Бу, аввало, маҳаллий кенгашларнинг мавқеини ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам, қолаверса, катта ишонч ва масъулиятдир.
Шундан келиб чиқиб, янги тизим асосида ҳар ойда туман, шаҳар ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва прокурорлари жиноятчилик бўйича маҳаллий кенгашларга ахборот бериб боради.

Бу Сенат ялпи мажлисида алоҳида таъкидланди. Вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ва прокурорлари ҳам ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят кенгашига ахборот бериб, жиноятчилик ва коррупция ҳолатларини атрофлича муҳокама қилишлари мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
– Маҳаллий кенгашлар раислари мазкур эшитувларни шунчаки номига ўтказмаслиги шарт, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Маҳаллий кенгашларда ўтказиладиган эшитувлар давомида нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фаолияти, балки жиноятчилик, айниқса, коррупция ҳолатлари кўп содир этилаётган тизим ва соҳа раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб, ишига баҳо бериш зарур. Ушбу жараёнда парламент палаталарининг тегишли қўмиталари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги иштирок этиши керак. Бунга алоҳида тайёргарлик кўриш – маҳаллалар даражасида муқобил ўрганишлар, таҳлиллар ўтказиш, муаммоли ҳолатлар юзасидан қатъий вазифалар қўйиш, тизимли характерга эга масалалар юзасидан асосли таклифларни шакллантириш зарур. Ушбу жараёнда барча сенаторлар иштирок этади.

Қонунчилик, назорат-таҳлил ва бошқа муҳим йўналишларда Сенат қўмиталари ҳамда маҳаллий кенгашлар, хусусан, улардаги доимий комиссиялар ўзаро уйғун фаолият олиб бормоқда. Биргаликда ўрганишлар, таҳлиллар, муҳокамалар ўтказилмоқда.
Маҳаллий кенгаш депутатлари муаммоларни самарали ҳал қилишда ижрочиларга фаол кўмаклашмоқда. Республика даражасида ҳал этиладиган масалаларни тегишли ҳудуддан сайланган сенаторлар орқали ёки тўғридан-тўғри Сенат минбарига олиб чиқмоқда.
Эндиликда коррупцияга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатлар ана шу фаол ҳамкорликнинг муҳим компонентига айлантирилади. Иш-режаларни шакллантириш, назорат тадбирларида (эшитув, сўров ва ҳ.к.) коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳолатига алоҳида урғу бериш, бу бўйича доимий равишда таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш талаб этилади.

Бунинг учун очиқлик ва шаффофлик тамойилларига сўзсиз амал қилиш, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш, жамоат ташкилотлари, жумладан, ОАВ ва ННТ билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш, биргаликда муқобил ўрганиш ва таҳлиллар ўтказиб бориш яхши самара беради.
Коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича республика даражасида эътибор қаратиш зарур бўлган ҳолларда сенаторлар ва Сенат қўмиталари билан биргаликда асослантирилган таклифларни ўз вақтида киритиб бориш лозим. Ихтисослигидан келиб чиқиб, ҳар бир қўмита, ҳар бир доимий комиссиянинг ушбу йўналишда ўз режаси, вазифа ва мақсадлари бўлиши шарт.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА