Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат раиси: “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни қониқарли деб бўлмайди”
09:53 / 2021-09-26

Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Навоий вилояти ҳокимлигида ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари раҳбарлари ва ўринбосарлари билан учрашув ўтказди. Унда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

Таъкидланганидек, вилоятда биринчи босқичда “Аёллар дафтари”га киритилган 12 минг 817 нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди. Айрим  муаммолари ҳал этилди. 10 минг 263 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди ҳамда 2 минг 564 нафар моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар тизимли равишда ижтимоий қўллаб-қувватланди. 1202 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди. 3016 нафар аёлга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 40,9 миллиард сўм, 402 нафар аёлга эса Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармаси ҳисобидан кредит маблағи ажратилди.  

Иккинчи босқичда 15 минг 265 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, айни пайтда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аммо ҳудудларда олиб борилаётган ишларни талаб даражасида, деб бўлмайди. Хусусан, хотин-қизларга ўз вақтида кредит ажратиш, ижтимоий ёрдам ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳолатларини қониқарсиз. Айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар билан ишлашда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари маҳаллалар билан ишлашни янада жонлантириши, халқ таълими тизими ходимлари эса дафтардаги хотин-қизлар фарзандлари билан алоҳида ишлаши талаб этилади, – деди Сенат раиси. – Чунки эндигина улғайиб келаётган фарзандларимиз тақдирига бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Айрим жойларда бир марта психологик ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқариш ҳолатлари ҳам мавжудлиги айни ҳақиқат.

Учрашувда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кредитлар ажратиш, вакант иш ўринларидан унумли фойдаланиш, квоталанган иш ўринлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бунда албатта, масъуллар томонидан амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда назорат қилиб боришда маҳалла тизими ходимлари, депутатлардан фаоллик талаб этилади.

Ишчи гуруҳ аъзолари Нурота туманидаги “Чашма” мажмуасига ташриф буюрди.

Қишин-ёзин бир хил, яъни 19,5 даражада, ҳар сонияда 360-400 литр сиғимда қайнаб чиқувчи чашма суви таркибида сульфат, калий, магний, кальций, кремний, натрий, олтин, кумуш ионлари каби турли хил шифобахш микроэлементларнинг мавжудлиги фанда ўз исботини топган. Мажмуада кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

– 2020 йилда “Чашма” мажмуаси ҳудудида жами 54,8 миллиард сўмлик янгидан қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди туман ҳокими Умарбек Халилов. – Пажвақта, Чилустун ҳамда айвонлар реконструкция қилинди, “Шайх абул Ҳасан Нурий” ҳамда “Нургулби” мақбараси тўлиқ қайта таъмирланди. Шунингдек “Ўзқурилишматериаллари” АЖ маблағлари ҳисобидан 80 ўринли меҳмонхона қурилди. “Ҳунармандалар маркази” ва 2000 кишига мўлжалланган амфитеатр мажмуаси “Чашма мажмуаси” кўркига кўрк қўшиб турибди.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Ҳунармандлар маркази”да хотин-қизлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Марказдан ўқув маркази, заргарлик, тош ўймакорлиги, кулолчилик, каштачилик устахоналари, кутубхона, савдо павильони ўрин олган. Каштачилик йўналишида кооператив ташкил этилиб, 50 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.  

Сенат раиси ҳунармандалар билан суҳбати давомида яратилган шароитлар, улар томонидан амалга оширилган ишлар ва муаммо ва таклифлари билан ўртоқлашди. Учрашувда каштачилик кластерини ташкил этиш ва уни Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан тегишли тартибда молиялаштириш белгиланди.

Шунингдек, туман хотин-қизлар жамоатчилик Кенгаши, “Аёллар дафтари” штаби аъзолари ва депутатлар билан бўлиб ўтган учрашувда ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан ишлаш тизими, олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди ҳамда тегишли тавсиялар берилди. Учрашувда “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори, ёш тадбиркор Мерей Омонбоева “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси доирасида хотин-қизлар учун грант танловини ўтказиш таклифини билдирди ва бу таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Ишчи гуруҳ Ғозғон шаҳридаги “Мармаробод” ДУК фаолияти билан танишди. Президентимиз ташаббуси билан очилган мазкур кластернинг умумий қиймати 52 миллион доллар бўлиб, 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Қисқа давр ичида корхона ҳудудидаги майдони 11000 кв.м. бўлган асосий бино ва яна 10 та кичик лойиҳа бинолари қурилиши якунланди. Банкнинг 4 миллион долларлик имтиёзли маблағлари ҳисобига Хитой давлатидан замонавий ускуналар келтирилди.  

Йилига 70 минг куб тош қазиб олиш ва 1,2 миллион метр квадрат тошни қайта ишлаш қувватига эга корхона томонидан янги ускуналарда замонавий усулларда Пашшот, Парғат карьерларидан гранит тошларни қазиш ишлари олиб борилмоқда.  

– Ғозғон ҳудудидан қазиб олинаётган мармар тошлар шуҳрати бутун дунёга машҳур, – дейди шаҳар ҳокими Азим Бозоров. – Ғозғон мармаридан пойтахтимиздаги қатор метро бекатларини безатишда, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз шаҳарларидаги бино ва мақбараларда, шунингдек, Ҳиндистондаги Тожмаҳал ансамблида, Москвадаги бир қанча музейлар, Вьетнамдаги Хо Ши Мин мавзолейида фойдаланилганлигини яхши биламиз. Бугун эса корхонада мармар тошларига сайқал бериш жараёнлари давом этмоқда.

Шаҳарнинг илғор хотин-қизлари ва депутатлар билан бўлиб ўтган суҳбатда ижтимоий дафтарлар доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди ҳамда қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.  

 

Абдували Бўриев,  

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА