Бугун, 2024 йил 20 январь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Сенати Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.
Мажлисни сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишдан бошлади.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда санитария ҳолатини ва экологик вазиятни яхшилаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ, қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш учун қонунларда атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи объектларнинг фаолиятини махсус ваколатли давлат органларининг қарорига кўра чеклаш ёки тўхтатиб туриш мумкинлиги назарда тутилган.
Шу билан бирга, қонунчиликда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш учун асос бўлган ноаниқ таърифларнинг мавжудлиги давлат органларининг дискрецион ваколатлари кенглиги билан боғлиқ коррупция ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Ушбу масала юзасидан муносабат билдирган Сенат раиси экологияга оид қонунларда ва, умуман, қонунчиликда ноаниқ, яъни турлича талқин қилиш ва қўллаш мумкин бўлган нормаларнинг бўлиши тўғри эмаслигини қайд этди.
– Бу ҳол амалиётда турли муаммолар, тушунмовчиликлар, норозиликлар ва, энг ёмони, коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин, - деди Т.Норбоева. – Шу жиҳатдан қараганда, киритилаётган ўзгартиришлар жуда муҳим. Чунки мамлакатимизда саноатлашув даражаси йилдан-йилга кенгайиб боряпти. Бундай шароитда экологияга таъсирлар кўлами ҳам ортиб боради. Айниқса, бугун пойтахт Тошкентдек йирик шаҳарда ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрлардан ошиб кетишининг олдини олишда ана шундай аниқ ҳуқуқий нормалар муҳим аҳамият касб этади. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси нафақат ушбу қонунни кўриб чиқиш, балки ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар билан жиддий шуғулланиши, тегишли давлат органлари билан ишлаши, жамоатчиликни кенг жалб этиши зарур.
Мазкур ҳужжат билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида” ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларга давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорларни, биринчи навбатда, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш заруратини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун экологик вазиятни яхшилашга, аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишга, шунингдек, коррупция омилларини бартараф этишга ҳамда ваколатли давлат органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА