Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат раиси: фуқаролар ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган ҳуқуқий асос яратилди
12:00 / 2023-06-02

Аҳолини сифатли маҳсулот ва хизматлар билан таъминлаш учун стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Мувофиқлик сертификатини беришни асоссиз равишда рад этганлик ёки тўхтатиб турганлик учун мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади.

Бу муҳим меъёрлар Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қонунда акс этган.  

Муҳокама жараёнида Сенат раиси Танзила Норбоева техник регламентлар, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузиш алоҳида жиддий хавфларни келтириб чиқаришини таъкидлади. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари мувофиқлиги бўйича содир этиладиган бундай ҳуқуқбузарликлар нафақат давлатга иқтисодий зарар етказади, балки фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф солиши мумкин. Шу билан бирга, бунинг учун белгиланган маъмурий жавобгарлик содир этилган қилмишнинг оғирлик даражасига ва келиб чиқадиган оқибатлар кўламига мутаносиб эмас, бу эса шундай ҳуқуқбузарликлар профилактикасига тўсқинлик қилмоқда. Мазкур қонун соҳада қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг натижадорлигини оширади ва, энг муҳими, фуқаролар ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза қилишга хизмат қиладиган зарур ҳуқуқий асос яратилди.

Қонун техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилишларининг олдини олиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган таъсир чораларини янада тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан мувофиқликни баҳолаш қоидаларини техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулот чиқарилишига ёки мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказилишига сабаб бўладиган тарзда бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда мувофиқлик сертификати берилиши асоссиз равишда рад этилса, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини асоссиз равишда тўхтатиб турган ёки тугатган мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ҳам назарда тутилган.  

Хусусан, ушбу ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланмоқда.  

Агар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилмоқда.  

Сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи синов лабораториялари ва сертификатлаштириш идораларининг масъулиятини ошириш ва маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини тўлиқ баҳолаш орқали аҳолини сифатли маҳсулот ва хизматлар билан таъминлашга олиб келади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА