Онлайн
Сенат йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.
Дастурда назарда тутилган топшириқлардан 215 таси жорий йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши белгиланган бўлиб, шундан 137 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган.
Инвестиция дастури доирасида 157,5 млн. долларлик маблағлар ўзлаштирилган ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида 28 турдаги 3 трлн. 940,2 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Хизматлар соҳасида жами 756 мингта (йиллик режага нисбатан 49 фоиз) янги иш ўринлари яратилган.
Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича дастур ижроси юзасидан 21,7 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. “Янги Ўзбекистон» массивларида 21 минг 312 та хонадонли 619 кўп қаватли уй-жойларнинг 397 тасида қурилиш ишлари бошланган.
Мажлисда сенаторлар томонидан Дастур ижроси юзасидан йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Дастурда муддати ўтган 63 та банд ижроси юзасидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бугунги кунга қадар қабул қилинмаган.
Ушбу масала юзасидан муносабат билдирган Сенат раиси Танзила Норбоева Давлат дастури ижроси жуда масъулиятли вазифа экани, бунга шунга мос тарзда ёндашиш зарур.
– Ҳукумат аъзолари парламентда ҳисобот бериш билан бирга ўз раёсат мажлисларида ҳам ижрони қатъий назоратда олиб фаолият юритиши керак. Қолаверса, Президент Администрациясида янги назорат инспекцияси ҳам ташкил қилинганки, улар ҳам халқимиз манфаатини таъминлаш акс этган Давлат дастури ижросини биринчи навбатда талаб қилади.
Шунинг учун ҳукумат аъзоларидан бажарилмай қолган айрим масалаларни ҳал қилишни илтимос қиламиз. Чунки халқ ҳозир ҳамма дастурлардан хабардор. Улар биздан сўраб турибди. Давлат дастури ижроси бўйича назорат ва жавобгарликни кучайтириш масаласини қўйганмиз. Шунингдек, парламент депутатлик назорати масалаларини ҳам ўзимизга, ҳам Сенатга, ҳам маҳаллий кенгашларга алоҳида топшириқларни белгилаганмиз.
Муҳокамалар сўнггида мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА