Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат Раиси: Давлат бюджети маблағлари сарфланиши бўйича очиқлик, шаффофлик таъминланиши шарт
14:10 / 2022-07-08

Сенат ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси ва 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, амалга оширилган самарали фискал ва монетар сиёсат натижасида иқтисодиётимиз ўсиш суратлари 2021 йилда 7,4 фоизни ташкил этди. 2022 йилнинг I чорагида ялпи ички маҳсулот ҳажми 5,8 фоизга ўсиши таъминланган.  

Ушбу масала бўйича Сенат Раиси Танзила Норбоева муносабат билдириб, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги Ҳукумат ҳисоботи юзасидан Ҳисоб палатаси хулоса беришини қайд этди. Ана шу хулосага кўра, 2021 йилда ҳисобланган солиқлар, қўлланилган солиқ имтиёзлари ва преференциялари, солиқ қарзи, уларни ундирувчанлик даражаси, давлат активларининг ўзгариши, шу жумладан, реализация қилинган активлар ва уларнинг сотилишидан тушган тушумлар тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмаган. 

– Қатор муҳим масалалар, хусусан вазирлик ва идоралардаги махсус жамғармаларга тушумлар, улардан фойдаланиш ҳолати, бюджетга ажратмалар бўйича саволларга ҳисоботнинг ўзидан жавоб топа олмаяпмиз, – деди Танзила Норбоева. – Масалан, таҳлилларга кўра, биргина йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун ўтган йилда 1 триллион 58 миллиард сўмлик жарималар қўлланилиб, шундан 410 миллиард сўми ундирилган ва Давлат бюджетига 227 миллиард сўм ажратма қилинган. Тўғри, қолган маблағлар йўқ бўлиб кетмаган, ундириш жараёнида ёки қайта кўриб чиқилаётган бўлиши мумкинлигини тушунамиз. Биз очиқлик, шаффофлик ҳақида гапиряпмиз. Парламент аъзоларига, қолаверса, жамоатчиликка тушунарли бўлиши учун маълумотлар батафсил очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Бюджет кодексига кўра, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот 15 майдан кечиктирмай парламентга тақдим этилиши керак. Лекин, ҳисобот белгиланган муддатда киритилмади. Бундан буён ҳисоботни тақдим этишда қонун талабига қатъий риоя қилишни сўраймиз.

Сенаторлар томонидан “Очиқ бюджет” портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати юзасидан ҳам ўз муносабатлари билдирилиб, бу борада шаффофликни таъминлаш ва фуқороларни кенг иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. 


Н.Абдураимова, ЎзА