Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат Раиси: барча куч ва ресурслар халқимизни рози қилишга сафарбар этилди
10:47 / 2024-01-19

Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева 2023 йил мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, айниқса, сиёсий йўналишда ўта муҳим воқеа-ҳодисаларга, жараёнларга бой бўлганини таъкидлади.

– Халқаро майдонда мураккаб вазият сақланиб қолаётганига қарамай, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар қатъиятлик билан амалга оширилди, – деди Т.Норбоева. – “Янги Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг қабул қилингани Президентимиз бошчилигидаги кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотларимизнинг асосий дастуриламали бўлди.  

Соҳа ва тармоқларни диверсификация қилиш, ҳудудларни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, ижтимоий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, маънавий-маърифий йўналишдаги долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар сифат ҳамда мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилди. Натижада қанчалик мураккаб бўлмасин иқтисодиётда барқарорлик таъминланди.  

Жаҳон банки томонидан берилган баҳоларга кўра, Ўзбекистон иқтисодининг ўсиши ўтган йилда 5,5 фоизни ташкил қилган. Жорий йилда ҳам мазкур кўрсаткич сақланиб қолиниши прогноз қилинмоқда.  

Сенат Раисининг қайд этишича, барча куч ва ресурслар белгилаб олинган дастурий вазифаларни амалга оширишга, бир сўз билан халқимизни рози қилишга сафарбар этилди.  

2023 йил парламент, хусусан Сенат учун ҳам масъулиятли бўлди. Аввало, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиш ва мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилди.  

Эътиборга молик жиҳати, йил давомида кўриб чиқилган жами 91 қонуннинг деярли 30 фоизи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга қаратилди.  

Яна бир устувор йўналиш ҳисобланган ижтимоий ҳимоя ва умуман ижтимоий масалалар бўйича 10 дан ортиқ қонунлар маъқулланди. Қолаверса, бу йўналишда нафақат қонунларни кўриб чиқиш билан чекланилди, балки муҳим қонунчилик ташаббуслари ҳам кўрсатилди.  

Жумладан, Сенат ташаббуси билан жиноят қонунчилигига “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилишига эришилди. Аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганларга қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар берилмаслиги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш, ярашгани муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш каби чоралар қўлланмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.  

 

Норгул Абдураимова,

Носир Ҳайдаров (расмлар), ЎзА