Сенат раиси: Айрим сенаторлар ўзлари сайланган ҳудуд муаммоларини Сенат минбарига олиб чиқишда деярли ташаббус кўрсатмади
Олий Мажлис Сенатининг айни пайтда давом этаётган ялпи мажлисида Сенат фаолиятида ҳудудлар манфаатларни таъминлаш, вилоят, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Сенатининг айни пайтда давом этаётган ялпи мажлисида Сенат фаолиятида ҳудудлар манфаатларни таъминлаш, вилоят, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Сенат раиси Танзила Норбоева бу борада, афсуски, айрим сенаторлар ўзлари сайланган ҳудуд муаммоларини Сенат минбарига олиб чиқишда деярли ташаббус кўрсатмаганини танқид қилди.
Вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш жараёнида ҳудудларни ривожлантириш борасида қанчадан қанча вазифалар, муаммолар тургани маълум бўлган.
- Бу муаммоларни сенаторлари кўтариб чиқиши керак эмасмиди? - деди Т.Норбоева. - Хабарингиз бор, яқинда парламент палаталари раҳбарлари ва аъзолари ҳудудларда бўлиб, тадбиркорликни ривожлантириш ҳолатини ўргандилар. Бу борадаги ишлар ҳам талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Деярли барча ҳудудларда тадбиркорлар ер ажратиш, кредит олиш, коммунал тармоқларга уланиш ва фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдалар.
Шундан келиб чиқиб, келгусида назорат-таҳлил тадбирларида жойлардаги сенаторлар фаоллигини ошириш мақсадида парламент сўрови институтидан фойдаланишнинг янги механизмини ишлаб чиқиш керак.
Шу пайтга қадар юборилган парламент сўровлари, асосан умумдавлат аҳамиятига молик масалаларга қаратилган. Шубҳасиз, бу тўғри ёндашув ва бу амалий натижа бермоқда.
Лекин, шу билан бирга, ҳудудлар манфаатларидан келиб чиқиб, алоҳида вилоят, ҳатто туман, шаҳар миқёсидаги долзарб масалалар юзасидан парламент сўрови юбориш амалиёти ҳам йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Бундай парламент сўровлари юбориш ташаббуси айнан жойлардаги сенаторлар томонидан илгари сурилиши, бу уларнинг асосий вазифасига айланиши керак.