Олий Мажлис Сенатида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари раислари ҳамда ҳокимлар учун ўқув семинарлари давом этмоқда. Навбатдаги семинарда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан келган тингловчилар қамраб олинган.
Мақсад – маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, маҳаллий вакиллик ва ижро органларининг баҳамжиҳат ишлаб, аҳолининг муаммоларини биргаликда ҳал қилиш кўникмаларини шакллантириш, раҳбарларнинг бошқарув маданиятини ошириш ҳамда аҳоли билан ишлаш сифатини яхшилашдан иборат.
Сенат Раиси Т.Норбоева ўз кириш сўзида жойлардаги раҳбарларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Машғулотлар давомида тингловчиларга ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини маҳаллий даражада таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, туман (шаҳар) кенгаши раиси мақоми тушунтирилмоқда. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари, кенгашнинг ҳокимлар билан ўзаро муносабатларига оид 20 га яқин мавзуларда маърузалар ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Семинарлар мобайнида туман (шаҳар) кенгашининг иш тартиби, иш режасини шакллантириш, унда мансабдор шахсларнинг ҳисобот (ахборот)ларини эшитиш, кенгаш раисининг партия гуруҳлари, доимий комиссиялар билан ҳамкорлиги, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш усуллари бўйича маълумотлар берилди.
Кенгаш қарорларини қабул қилишда қонунийликни таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш, округларда депутатларнинг фуқаролар қабулларини ташкил этиш, депутатларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, рақамли технологияларни қўллаш билан боғлиқ муҳим масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Тингловчилар қарор қабул қилишда қонунийликни таъминлаш, аҳоли билан мулоқот қилиш, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, таҳлилга таяниш, маҳаллий муаммоларни ҳамкорликда жойида ва ўз вақтида ҳал этиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда очиқлик ва самарадорликни таъминлаш борасида ўз билим ва кўникмаларини оширмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий бошқарувда рақамли платформалардан фойдаланиш, “Электрон ҳукумат” тизими орқали хизматлар сифатини ошириш, маълумотлар базалари билан ишлаш, таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинарлар доирасида иштирокчилар амалий машғулотлар орқали ўз фаолиятида учраётган муаммолар бўйича ечим топиш, ўзаро тажриба алмашиш каби йўналишларда интерфаол усуллардан фойдаланмоқда.
Уч кун давом этадиган ўқувлар натижасида тингловчилар ўз ҳудудларида ислоҳотларни самарали амалга ошириш, аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиш, ҳисобдор ва очиқ бошқарувни йўлга қўйиш бўйича ўзларининг билимларини ошириб, амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлайди.
Н.Абдураимова,
ЎзА