French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат қўмитаси тегишли ташкилотларга 30 та сенатор сўрови киритди
09:43 / 2024-01-11

Жойларда фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларни ҳал этиш учун Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси тегишли давлат органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотларига 30 дан ортиқ сенатор сўрови киритди. Сўровлар натижасида эса кўплаб муаммолар ҳал этилди.

Бу мазкур қўмитанинг 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилишида қайд этилди.  

Қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 6 та қонунга масъул бўлди. Шунингдек, назорат-таҳлил фаолияти доирасида очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар ижроси бўйича 5 та давлат органи ва ташкилотлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.  

Аҳолини қийнаб келаётган масалаларни олиб чиқиб, муҳокама қилиш ва уларнинг ечимлари юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқишга эътибор қаратди. Жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.  

Давлат органлари ва ташкилотларининг жамоатчилик билан ишлаш услубини ўзгартириш, ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқдаги каналларида жойлаштириб бориш, журналистлар ва блогерлар томонидан аҳолини қийнаётган муаммолар юзасидан билдирилган муносабатларига ижро органларининг масъуллигини ошириш, фуқароларни ахборот олиш эркинликлари каби муҳим йўналишларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга устувор аҳамият қаратилди.  

Қонунларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал бўлишини таъминлаш учун қўмита ҳузуридаги экспертлар ҳамда ишчи гуруҳлар билан биргаликда жами 12 та муҳокама ўтказилган.  

Ортда қолган 2023 йилда қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда улар якунлари бўйича давлат ва бошқарув органлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилган.  

Хусусан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий  ҳужжатларнинг ижроси бўйича Навоий вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Транспорт вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик  ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликларида ўрганишлар ўтказилди.  

Қўмита аъзолари янги иш ўринларини ташкил этиш, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа дастурлари ижроси ҳолатини ўрганиш мақсадида Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида назорат-таҳлил тадбирларини ўтказди.  

Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, сайловчиларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш кейинги пайтда сенаторлар фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган.  

Ўтган йилда қўмита томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 1 минг 637 мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва уларнинг салмоқли қисмидаги масалалар ҳал этилди.  

Масалан, Самарқанд вилояти аҳолисини кўмир билан таъминлашдаги муаммолар ҳамда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника биносини таъмирлаш масаласи 2024 йилги инвестиция дастурига киритилиши юзасидан зарур чоралар кўрилди.  

Мажлис якунида қўмита аъзолари томонидан парламент назорати доирасида 2024 йилга мўлжалланган иш режаси учун қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА