Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш, Сенат қарорлари ижроси ва фуқаролар мурожаатларини жойида ўрганиш мақсадида Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар хизмат сафари билан ҳудудларда бўлиб турибди.
Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев Наманган вилоятидаги ўрганишлари давомида маҳаллий Кенгашлар котибият мудирлари ва доимий комиссиялари раислари ҳамда депутатлар билан мулоқотда бўлди.
“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган, еттита устувор йўналишидан иборат 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” белгилаб олинган. Давлат дастури ижроси доирасида 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Дастурнинг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналиши ижросини таъминлаш Олий Мажлис палаталари масъул этиб белгиланган.
Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижроси юзасидан парламент назорати йўлга қўйилади.
Бунда халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш лозим.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берган ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари иштирокидаги истиқболли лойиҳалар ижроси юзасидан маҳаллий Кенгашлар томонидан ўрганиш ва назорат ишларини олиб бориш, бунда муддатидан кечикаётган лойиҳаларга эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Маҳмуджон Парпиев қайд этганидек, шу йилнинг 3-4 февраль кунлари бўлиб ўтган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида 20 та масала, шу жумладан 8 та қонун кўриб чиқилди.
[gallery-5720]
Хусусан, Сенат томонидан “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”; “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”, “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”; “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”; “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” каби Қонунлар маъқулланди.
Сенатор қайд этганидек, Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда фақат 4 та товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилган, шулардан атиги иккитаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлса, қолган иккитаси хорижий ишлаб чиқарувчиларга тегишлидир. Булар қаторида Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ҳудуд номи билан келиб чиқувчи минерал сувлар ишлаб чиқарилаётгани қайд этилди.
Товар келиб чиққан жой номларига бўлган қатьий талаблар ўрнатилмаганлиги туфайли мамлакатда минтақавий брендлар ривожланмасдан қолмоқда. Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонунда илк маротаба “географик кўрсаткич” тушунчаси акс эттирилган.
Мазкур Қонун ўзининг ноёб маҳсулоти учун белгини рўйхатдан ўтказишни хоҳловчи ишлаб чиқарувчилар сони кўпайишига, энг асосийси минтақавий брендларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Сенатор мулоқотда, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қабул қилинган қарорга тўхталди.
Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар аҳолини ташвишга солмоқда. Биргина, 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқликка тарғиб қилувчи ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2 минг 97 та қонунбузилиши ҳолати қайд этилган.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган, уларда фото, видео, матн каби 2 минг 646 та материал тарқатилган.
Бундан ташқари, маданият соҳасида кечаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бадиий фильм, реклама, жумладан, кўчалардаги баннерлар, мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ҳамда маънавиятсизлик тарғиботи мавжуд. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятимизга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этилмоқда.
– Бугун фарзандларимизни уяли телефонлар, интернет ва ижтимоий тармоқларга ортиқча ружу қўйиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, – деди сенатор Маҳмуджон Парпиев. – Шундай экан, биз болаларимизни ёт ғоятларга ташлаб қўймаслигимиз лозим. Ўз она тилимиз, миллий менталитетимиз ва маданиятимиз бор. Шундай экан, бу долзарб масалага асло бефарқ ва томошабин бўлмаслигимиз керак.
Мулоқот якунида маҳаллий Кенгашлар котибият мудирлари ҳамда депутатлар томонидан бир қатор масалалар ўртага ташланиб, улар тегишли равишда ҳал этиш учун сенатор томонидан назоратга олиниши айтиб ўтилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА