Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: Қўмита фаолияти сарҳисоб қилинди
17:20 / 2025-12-29

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2025 йилда амалга оширган ишлари якунлари ва келгуси йилдаги вазифаларга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда 2025 йилда қонунчиликни такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Қўмита томонидан Сенат ялпи мажлислари кун тартибига киритилган 21 қонун маъқулланган. Битта қонун қўмита хулосаси асосида рад этилган. Қонунлар асосан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, давлат бошқаруви ва ижро қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган.

Қўмита томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида учта қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 46 тадбир ўтказилган.  Сенат ялпи мажлисларида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, суд ҳужжатларининг ижроси ҳамда талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари юзасидан парламент ва сенаторлик сўровлари юборилган. 

Халқ билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлаш қўмита фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда 3 мингга яқин  мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилди. Сенаторларнинг сайёр қабуллари ва Сенат биносида ўтказилган қабуллар давомида фуқароларнинг қатор ижтимоий аҳамиятга эга муаммолари ҳал этилган. 

Маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда доимий комиссиялар аъзолари учун семинар ва ўқув тадбирлари ташкил этилгани, халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий парламентлар ва халқаро ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилгани қайд этилди.

Мажлисда қўмитанинг 2026 йилдаги устувор вазифалари белгилаб олинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА