French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат ўрганиши: Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги сайтида ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларнинг айримлари жойлаштирилмаган
16:39 / 2023-03-10

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ҳамда очиқликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси ўрганилмоқда.

Бу борада қўмита пойтахтимизнинг Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида ўрганишлар олиб борди. Дастлаб сенаторлар туман ҳокимлигининг ахборот хизмати, ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси фаолияти билан танишди.  

Туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида “Очиқ маълумотлар” бўлими ташкил этилган бўлиб, ҳокимлик томонидан 17 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларнинг айримлари жойлаштирилмагани маълум бўлди.  

Ўз навбатида, қўмита аъзолари томонидан ҳокимлик мутасаддилари ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиясига фуқаролар қабулларини ташкил этиш, ахборот хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш, ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун пресс-тур ва матбуот анжуманларини ташкил этиш, очиқликни таъминлаш масалалари бўйича ахборотларини эшитиб бориш борасида тегишли тавсиялар берилди.  

Шу билан бирга, сенаторлар иштирокида туман ҳокими, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари билан биргаликда ҳокимлик биносида фуқаролар қабули ўтказилди.  

Қабулга келган фуқароларнинг уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик фаолияти, моддий ёрдам бериш, маҳаллани обод қилиш ва ноқонуний қурилишларни бартараф этиш масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди.  

Хусусан, Янгиҳаёт тумани “Чорбоғ” МФЙда яшовчи фуқаро К.Н.нинг кўп қаватли турар жой биноси томини таъмирлаш, “Дўстлик” МФЙда истиқомат қилувчи З.Ени уй-жой билан таъминлаш, “Тошкент” МФЙда яшовчи фуқаро Х.Книнг бандлигини таъминлаш мақсадида мономарказда касбга ўргатиш ва уни иш билан таъминлаш, “Дарёбўйи” МФЙда истиқомат қилувчи Б.Хнинг уй қурилишида моддий ёрдам кўрсатиш масалалари жойида ҳал этилди.  

Бундан ташқари, фуқаролар томонидан келиб тушган мурожаатлар асосида туман ҳудудида жойлашган тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий кўп тармоқли поликлиника биноси ҳам ўрганилди.  

Ушбу бино 1986 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунга қадар бинода капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Шунингдек, марказий кўп тармоқли поликлиника 90 минга яқин аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.  

Хусусан, ривожланишдан ортга қолган ва туғма нуқсонлар билан дунёга келган болаларни реабилитация қилишга мўлжалланган маскан таъмирталаб ҳолатда. Мазкур маскан учун зарур замонавий тиббий ускуналар мавжуд. Бироқ капитал таъмирлаш ишлари узоқ йиллардан бери режага киритилмай келинмоқда.  

Туман масъуллари билан учрашувда таъкидланганидек, тиббиёт муассасасини замонавий кўринишда капитал таъмирлаш масаласи сенаторларнинг алоҳида назоратида бўлиши ҳамда ушбу масканда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш чоралари кўрилиши юзасидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда зарур чоралар кўришга келишиб олинди.  

ЎзА