English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда
18:01 / 2023-11-28

Бу борада хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида кейинги уч йилда қарийб 30 киши ис газидан заҳарланиб ёки қум ва тош босиши оқибатида вафот этган.

Олтин ва қимматбаҳо металларни қонуний қазиб олишнинг афзалликлари юзасидан ваколатли органлар томонидан тарғибот ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида уларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда.  

Бу Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида аҳоли томонидан очиқ майдонларда кўпроқ кузатилмоқда.  

2020 йилда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан 34 маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 463 тани, 2022 йилда эса қарийб 1,5 мингни ташкил қилган.  

Бу рақамлар Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.  

Мажлисда ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди.  

Шунингдек, қўмита томонидан мазкур соҳада ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.  

Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш билан шуғулланишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилганини таъкидлади.  

2019-2023 йилларда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун “Е-аукцион” орқали 270 объектга рухсатнома берилган.  

Олиб борилган ўрганишлар, аҳоли билан бевосита мулоқотлар, қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили соҳада қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.  

Очиқ майдонларда қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида 2021-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 10 ойида қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб ёки қум ва тош босиб қолиши оқибатида вафот этган.  

Бундан ташқари, очиқ майдонларда ноқонуний олтин қазиб олиш жараёнларига вояга етмаганларни ҳам жалб қилиш ҳолатлари учрамоқда.  

Шу билан бирга, таркибида олтин ва қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 702-моддаси билан қўлланиладиган жарима миқдори камлиги ҳам мазкур йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатларининг айни бир шахслар томонидан такрор содир этилишига сабаб бўлмоқда. 

Жумладан, 102 нафар жисмоний шахс томонидан қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш ҳолати такрорий содир этилган.

Бундан ташқари, “НКМК”, “ОКМК” акциядорлик жамиятлари ва бошқалар томонидан захирага олинган шахта ва карьерлар атрофи ўраб олиниб, қўриқланиши таъминланмаган. 

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ҳудудий экспедициялари томонидан шахта ва штольняларни лойиҳа бўйича иш тугатилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тўлиқ ёпиш чоралари кўрилмаган. Бу эса қимматбаҳо металларни қазиб олаётган фуқароларга ноқонуний қазиб олиш ишларини олиб боришга шароит яратмоқда. 

Маъданли тошлар таркибида қимматбаҳо металлар миқдорини аниқлаш юзасидан экспертиза ўтказишга оид норматив–ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. 

Мажлисда қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасига мутасадди вазирлик ва идораларни жалб қилган ҳолда соҳадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди. 

Хусусан, камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли идоралараро “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатиш зарур. Ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда амалдаги қонунчилик ҳужжатларидаги жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиб, уларни такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.  

Шунингдек, халқ депутатлари Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари, туман (шаҳар)лар кенгашларига олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини ҳудудий масъул идоралар раҳбарларини жалб қилган ҳолда мунтазам танқидий муҳокама қилиш тавсия этилди.  

 Н.Абдураимова, ЎзА