Сенат қўмиталарининг мажлислари ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ва комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда парламент юқори палатасининг йигирма учинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ва комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда парламент юқори палатасининг йигирма учинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида муҳокама этиладиган масалалар мамлакатимиз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки раҳбарларининг хотин-қизларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботлари ҳам эшитилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда аёллар тадбиркорлиги мамлакатимиз иқтисодий ўсиш жараёнининг ажралмас қисмидир. Ишбилармон хотин-қизлар фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши уларнинг жамият ривожидаги ўрни ва нуфузини янада оширмоқда. Хусусан, ушбу йўналишда Халқ банки филиаллари томонидан ўтган даврда жами 4 минг 33 тадбиркор хотин-қизга 100,4 миллиард сўм кредит маблағлари берилган. Шундан жорий йилнинг 8 ойи давомида 3 минг 893 тадбиркор хотин-қизнинг 96,2 миллиард сўмлик лойиҳалари молиялаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 5 минг 600 дан ортиқ иш ўрни яратилган. “Микрокредитбанк” филиаллари томонидан эса жорий йилнинг 8 ойида 18 минг 139 хотин-қизга 352,4 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган.
Қўмита ушбу банк филиаллари томонидан ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини ўрганганда бир қатор камчиликлар аниқланган. Жумладан, кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши устидан тўлиқ ва таъсирчан назорат таъминланмаган. Шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш, мақсадли фойдаланиш, уларни муддатида қайтариш ва унинг тадбиркорлик субъекти фаолияти самарадорлигига таъсирини баҳолаш каби масалаларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Бу эса аёллар турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрнининг паст бўлишига олиб келмоқда.
Мажлис иштирокчилари молия муассасалари томонидан ажратилаётган қарз маблағларининг мақсадли ишлатилиши мониторингини йўлга қўйиш, ишбилармон аёлларнинг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш каби йўналишларда фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг жорий йил ўтган даврида амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, қўмита зиммасига жорий йилда амалга оширилиши зарур бўлган 29 вазифа юклатилган. Хусусан, ёнғоқмевали плантациялар ташкил қилиш мақсадида ҳар бир ўрмон хўжалиги кесимида шундай дарахт турлари бўйича 10 минг гектар майдонда плантациялар барпо этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жойларда экиш ишларини якунлаш топшириғи берилган. Қўмита томонидан мазкур лойиҳалар асосида бугунги кунгача фақат 6,4 минг гектар майдонда ёнғоқмевали плантациялар барпо қилинган. Топшириқ белгиланган муддатда тўлиқ амалга оширилмаган. Шу муносабат билан мажлисда ёнғоқмевали плантациялар ташкил қилиш мақсадида ҳар бир ўрмон хўжалиги кесимида шундай дарахт турлари бўйича экиш лойиҳаларини ишлаб чиқиб, жойларда экиш ишларини 2019 йилнинг 1 декабрь кунига қадар якунлаш белгиланди.
Бундан ташқари, йил давомида бажарилиши белгиланган вазифаларнинг айримлари сусткашлик билан олиб борилаётгани ҳам қайд этилди. Хусусан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасадди ташкилотлар билан биргаликда қум кўчиши ва шамол эр
озиясига қарши республиканинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида ихота дарахтзорларини барпо қилиш борасидаги ишларни 2019 йил охиригача таъминлаш чораларини кўриши лозим.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан 2019 йилнинг ўтган давридаги фаолияти самарадорлиги ҳам муҳокама қилинди. Мазкур тузилма зиммасига жорий йилда бажарилиши лозим бўлган 19 вазифа юклатилган. Январь-сентябрь ойларида белгиланган 10 та вазифадан қўмита томонидан 4 та мақсадли вазифа бажарилмаган.
Жумладан, давлат хизматларини кўрсатишда ахборот ресурсларни, 1949-2019 йиллар давридаги архив фондини рақамлаштириш бўйича тайёргарлик ишларини амалга ошириш топшириғи берилган. “Давергеодезкадастр” қўмитаси томонидан амалга оширилган “Кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида хорижий консалтинг корхоналари томонидан ишлаб чиқилган қўлланма сифатсиз, тушунарсиз бўлгани сабабли бу борадаги ишлар ҳанузгача якунланмаган. Архив маълумотларини рақамлаштиришни синов шаклида жорий қилиш учун юқори тезликда ва сифатли сканер қилиш имкониятига эга бор-йўғи 1 та қурилма харид қилинган.
Санаб ўтилган ана шу ва бошқа камчиликларни бартараф этиш учун мутасадди ташкилотлар билан биргаликда чора кўриш таклиф этилди. Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган захирадаги ерларни қайта хатловдан ўтказиб, Геопорталга жойлаштириш ва йил якунига қадар захирадан чиқариш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталарининг қўшма мажлиси ҳам ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилишнинг ҳолати бўйича ахбороти эшитилди.
2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимиз аҳолисининг 49,4 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролар жинсидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги (18-модда), хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги (46-модда) кўрсатиб ўтилган.
Ўтган давр мобайнида мазкур соҳада 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шундан охирги бир йил ичида Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг 15 фармон ҳамда қарори имзоланди. Шу билан бир қаторда қонунчиликка ҳам бу йўналишда ўзгаришлар киритилиб, 10 дан ортиқ универсал халқаро шартномага қўшилиш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Мажлисда қайд этилганидек, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормалар миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.