Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: кўп хотинли бўлишни, жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик белгиланади
16:35 / 2023-09-19

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, истиқлолнинг энг улкан туҳфаларидан бири – бу ота-боболаримиз эътиқод қилган муқаддас Ислом динини ўрганиш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини тадқиқ қилиш, дин арконларини эмин - эркин адо этиш имконини берганидир. 

Бироқ, кейинги пайтларда диний соҳа вакиллари томонидан қонуний никоҳ бўлмаса ҳам никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга оширииш ҳолатлари учрамоқда. Бу эса, ўз -ўзидан, ижтимоий муаммолар юзага келишига сабаб бўлаётир. 

Айрим диний блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда дунёвий ва диний ҳаёт тарзини олиб борувчи жамият вакиллари орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган, фақат ўзининг диний қарашларини ифодаловчи ва диний адоватни қўзғатишга қаратилган чиқишлар кўпайиб бораётганлиги ҳам қайд этилди. 

Шу боис, мутасадди идоралар томонидан Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий анъаналарини инобатга олган ҳолда, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган. 

Қонунда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик, кўп хотинли бўлишни ва жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. 

Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор инкор этганлик ҳамда фуқароларни миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб камситганлик ҳамда диний ташкилот томонидан ўзининг уставида назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. 

Қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юргани учун белгиланган маъмурий жавобгарлик эса бекор қилинмоқда. 
Муҳокамалар жараёнида ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида жамиятда миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга, дунёвий қадриятларни сақлаб қолишга ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга эришилиши қайд этилди. 

Сенаторлар, мутахассислар, маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссиялар раислари, ёшлар парламенти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилиш якунида қонун бўйича экспертлар томонидан тайёрланган тавсиялар Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди. 

Н. Абдураимова, ЎзА