Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: кўллар тизимига ташқи манбалардан 630 миллион метр куб сув ташланишига эришилди
11:29 / 2024-01-13

Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва экология соҳасига оид ўтган йилда 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат тайёрланди. Шу жумладан, 4 қонун, 3 халқаро конвенция, 14 қарор ва 2 фармон ижроси ўрганилиб, маълумотлар устида ишланди.

Сенатнинг ялпи мажлисларига 6 қонун киритилиб, маъқулланди. Инвестиция дастурлари ижроси юзасидан қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижросини ўрганиш мақсадида 24  назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилган.

Бу Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг 2023 йил фаолияти якунларига бағишланган йиғилишида қайд этилди.

Қонунчилик ва парламент назорати фаолияти доирасида қўмитанинг мажлисларида 86 масала муҳокама этилган.

Сенат ялпи мажлисларига 17 масала тайёрланган. Қўмита аъзолари томонидан 112 сенатор сўрови юборилиб, 92 масала ҳал этилган ҳамда 20 масала назоратга олинган.

Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорларнинг ижро этилиши ҳамда ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ ва бошқа имтиёзлар қўлланилиши мониторинги олиб борилган.

Чиқиндиларни қайта ишлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати, доривор ўсимликларни табиий муҳитдан териб олишга квота ажратиш ва унинг шартларига риоя қилиниши таҳлил қилинган.

Келиб тушган 322 ёзма мурожаатнинг 250 таси ижобий ҳал қилинди, қолганлари назоратга олинди. Сайловчилар билан бевосита 2 минг 226 учрашув ўтказилди.

Жумладан, Андижон тумани Хакан, Ғиштхона ва Қум кўча маҳаллалари аҳолисидан оҳак цехларидан чиқаётган аччиқ тутунлар инсонлар саломатлигига жиддий таъсир қилаётгани юзасидан мурожаат бўйича халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ўрганишлар ўтказилиб, масала ижобий ҳал этилган.

Шаҳрисабз тумани Сарчашма қишлоғи аҳолисини сув билан таъминлаш мақсадида қурилаётган канал муддатидан кечикаётганлиги тўғрисидаги сенатор сўрови ижроси назоратга олинди ва йил якунлари ҳолатига лойиҳа ишлари 85 фоизга якунланган.

Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик сув сатҳининг кескин тушиб кетишининг олдини олиш, сувнинг минерализациясини яхшилаш, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида “Сардоба” коллекторида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кўллар тизимига ташқи манбалардан 630 миллион метр куб сув ташланишига эришилди.

Қўмита илмий ёндашувга алоҳида эътибор қаратиб, унинг аъзолари ва экспертлари томонидан 7 та илмий-услубий қўлланма ишлаб чиқилди ҳамда илмий ишланмаларга муаллифлик патентлари олинди.

Қўмита ташаббуси билан “Оролга мадад”  акцияси, “Орол” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда Қонликўл ва Кегейли туманларидаги иккита мактабга сув тозалаш ускуналари ўрнатиб берилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Экоҳаракат ва бошқа ҳамкорлар билан ўтказилган хайрия акцияси доирасида Андижон, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага 300 тонна юқори сифатли кўмир беғараз тарқатилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА