Самарқандда Олий Мажлис Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши ўтказилди.
Вилоят Кенгаши депутатлари ва Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари иштирок этган мажлисда қўмита ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятида яйлов ва ўрмон фонди ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, озуқабоп экинлар етиштириш ҳамда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Дастлаб ишчи гуруҳ томонидан вилоятда фойдаланишдан чиққан ер майдонларини фойдаланишга киритиш, аҳолининг яйловлардан фойдаланиши ҳамда уларда юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан маълумотлар берилди.

– Самарқандда сўнгги уч йилда қарийб 30 минг гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилган, – деди Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси А.Тўйчиев. – Жорий йилда барча тоифадаги фермер хўжаликлари томонидан озуқабоп экинлар экиш учун 22,3 минг гектар ер ажратилган. Чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ҳамда чорва моллари наслини яхшилаш мақсадида 375,1 минг бош сигир ва қочириш ёшидаги урғочи молларни сунъий уруғлантириш ишлари ташкил этилган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кооперация асосида 2023 йилда 7 туманда сут ва гўшт йўналишидаги қорамоллар тарқатилиб, 264 та янги иш ўрни яратилган.

Бундан ташқари, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва сифатини ошириш мақсадида 2024 йилда фермер хўжаликлари томонидан чет давлатлардан 2,7 минг бош қорамол, 10,1 минг бош қўй-эчки, 1,4 миллион бош парранда, 2025 йилнинг 9 ойи давомида 5,1 минг бош қорамол, 8 минг бош қўй-эчки, 1,3 миллион бош парранда олиб келинган.

Бу ишлар натижасида 2024 йилда 135,6 миллион дона тухум ва 6615 тонна товуқ панжалари, 2025 йилнинг ўтган даврида 51,5 миллион дона инкубацион, 17,5 миллион дона истеъмол тухум ҳамда 1507 тонна товуқ панжалари экспорт қилинган.
Қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда 688,2 минг гектар яйлов ер майдонлари мавжуд бўлиб, ушбу ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, хариталари тузилган. Шунингдек, деградацияга учраган майдонлардан 1,4 минг гектарига чўл озуқабоп экинлари экилган.

Вилоятда ўрмон фонди ерлари 65,2 минг гектарни ташкил этади. 2025 йилда ўрмон хўжаликларининг 2585 гектар майдонида қишлоқ хўжалиги экинлари экилган ва 1,4 минг тонна маҳсулот олинган.
Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам борлиги айтилди. Мутахассислар томонидан чорвачилик соҳаси учун зарур кучли озуқа- ем компонентларининг 60-70 фоизи четдан импорт қилинганлиги сабабли ҳудудларда чорвачилик маҳсулотлари таннархи ошиб бораётганлиги таъкидланди. Шунингдек, аҳолининг қорамолчиликдаги улуши юқори бўлса-да, уларга озуқа етиштириш учун етарли даражада ер майдонлари ажратилмаётганлиги, чорвачилик тармоғи учун сифатли озуқабоп экинлар уруғларини етиштириб беришда айрим камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, вилоятда 5 минг гектардан ортиқ яйлов ер майдонлари деградацияга учраганлиги ҳамда яйловларнинг йилдан-йилга озуқа маҳсулдорлиги пасайиб бораётганлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида чорвачилик маҳсулотлари, сут ва гўшт етиштириш ва озуқа экинлари ҳажмини ошириш, ерлар деградацияга учрашининг олдини олиш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган қўшма қарор қабул қилинди. Мазкур қарор ижроси бўйича Кенгаш томонидан тизимли назорат ўрнатилиб, навбатдаги муҳокамаларда таҳлил қилиб борилиши белгиланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари